8 март – Халқаро хотин-қизлар куни: байрам тарихи ва анъаналари
Бу қизиқ
−
06 Март
219438 март – Халқаро хотин-қизлар куни аёллар ҳуқуқлари учун оммавий норозилик намойишлари натижасида пайдо бўлган ва вақт ўтиши билан кўплаб ўзгаришларга учраган байрамдир. Баъзи мамлакатларда бу – аёлларга муҳаббат ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириш имконияти бўлса, бошқаларида гендер тенглиги учун кураш сифатида намоён бўлади.
Байрам тарихи
Иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тенгсизликка қарши аёлларнинг биринчи норозилик намойишларидан бири 1857 йил март ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган "Бўш қозонлар марши" эди. Ўшанда тўқимачилик ва пойабзал фабрикалари ишчилари 16 соатлик иш куни ва адолатсиз иш ҳақига қарши чиққан. 1908 йилда аёллар яна митингга чиқиб, сайлов ҳуқуқи ва муносиб меҳнат шароитларини талаб қилади.
Биринчи Миллий Хотин-қизлар куни АҚШда 1909 йил 28 февралда бўлиб ўтди. Ўшанда Америка Социалистик партияси аёлларнинг сайлов ҳуқуқлари учун кампания доирасида оммавий митинглар уюштирган.
"28 февраль. Ташкилотчилар байрам якшанба кунига тўғри келишини хоҳлади: дам олиш куни митингларда кўпроқ аёллар иштирок этди", деб тушунтиради тарихчи Ася Полякова.
1910 йилда Копенгагенда бўлиб ўтган Халқаро социалистик конгрессда коммунист Клара Цеткин аёлларга тенг овоз бериш ҳуқуқи учун кураш кунини нишонлашни таклиф қилди. Бир йил ўтгач, Германия, Швейцария, Дания ва Австрияда аёллар куни нишонланди.
“Люксембургни унутмаслигимиз керак. Социалистик Интернационал конгрессида айтилган асл ғоя бу кунни ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлар учун кураш куни деб эълон қилди", дейди Полякова.
Россия империясида аёллар куни 1917 йил 23 февралда эски услубга кўра бошланади (янги услуб – 8 март). Шу куни Петрограддаги аёл ишчилар тинчлик, нон ва яқинларининг фронтдан қайтишини талаб қилиб кўчаларга чиққан.
“Бу оммавий намойиш эди. Аслида, бу Биринчи жаҳон уруши бошланганидан кейин ҳар йили митингларга чиққан аёллар юришларининг бир қисми бўлса, бизнинг мамлакатда бундай иш ташлаш инқилобга олиб келган муҳим воқеалардан бири эди”, дейди россиялик тарихчи.
8 март санаси расмий равишда фақат 1921 йилда ташкил этилган ва кейин у Халқаро хотин-қизлар куни деб номланган. 1965 йилда СССР Олий Кенгаши Президиумининг фармонига кўра, 8 март кунини нишонлаш расман қонун билан мустаҳкамланган. Совет Иттифоқида у аллақачон феминистик эътиборни йўқотиб, баҳор ва барча аёлларга ҳурмат кунига айланган. 1970 йилларнинг ўрталаригача бу байрам асосан социалистик мамлакатларда нишонланиб келган.
1975 йилда байрам БМТ томонидан Халқаро хотин-қизлар куни сифатида тан олинган. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аёллар ўн йиллиги (1976-1985) арафасида содир бўлди.
Турли мамлакатларда 8 март қандай нишонланади?
Постсовет ҳудуди
Кўпгина постсовет мамлакатларида 8 март расмий дам олиш куни ҳисобланади. Россияда ва бошқа кўплаб мамлакатларда ушбу кунда барча аёллар вакилларига ҳурмат бажо келтириш, уларга миннатдорлик билдириш ва оила билан вақт ўтказиш одат тусига кирган. Байрамнинг мажбурий атрибути гуллардир.
Хитой
Хитойда "аёл" сўзи 35 ёшдан ошган аёл билан боғлиқ – ёш қизлар учун 7 март куни нишонланадиган алоҳида байрам мавжуд. "Самовий империя"да Халқаро хотин-қизлар куни оналар ва бувилар табрикланади ва у оила даврасида нишонланади.
Япония
Японияда 8 март куни расмий байрам йўқ, аммо бутун март ойи аёллар ойи ҳисобланади. Японияда аёлларнинг асосий байрами 3 март – Шафтоли гули куни ёки қўғирчоқлар фестивалидир.
Италия
Италияда Халқаро хотин-қизлар куни тақвимда белгиланган, аммо расмий байрам эмас. Кўп одамлар буни шунчаки нишонламайди, лекин маҳаллий феминистик гуруҳлар митингларга чиқади. Италияда 8 мартнинг рамзи мимоза гули бўлиб, у аёлларга ҳурмат белгиси саналади.
Франция
Францияда бу байрам деярли ўзининг асл маъносини сақлаб қолди: 8 март куни феминистлар ўз ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини эълон қилади ва гендер тенглиги учун курашади.
Германия
Клара Цеткиннинг ватанида 8 март ҳам нишонланмайди – Германияда бу байрам фақат социалистик ўтмишни эслатади, деб ишонилади. Илгари Шарқий Германияда немислар аёлларини табриклаган бўлишса, мамлакат бирлашгандан кейин бу байрам деярли унутилди.
Куба
Кубада 8 март кенг миқёсда нишонланади – шу куни мамлакатда аёллар улуғланадиган кўплаб тадбирлар ўтказилади.
Мадина Отабоева
LiveБарчаси