70 минг экспонат хавф остида, музейни сақлаб қолинг – Президентга мурожаат
Жамият
−
12:31 5362 3 дақиқа
Ёзувчи Шукур Жаббор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат билан чиқиб, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фаолиятини сақлаб қолиш ва унинг тақдирига эътибор қаратишни сўради. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
Мурожаатда айтилишича, музей ўзининг амалдаги биносидан кўчирилмоқда ҳамда ҳозирча музей учун янги бино ажратилмаган, унинг айрим экспонатлари эса вақтинча Ислом цивилизацияси марказининг ертўласига жойлаштирилган.
“Бу музей 1968 йилдан буён таъмирланмагани майли, энг даҳшати – айни пайтда тарих саҳнасида яшаши хавф остида қолмоқда! Ўзи шу вақтгача таъмирланмагани, шарт-шароит яратилмагани учун 70 000 га яқин ноёб ашё хавф остида қолган эди. Энди эса бу хавф бугун янада кучайган”, дейди Шукур Жаббор.
Қайд этилишича, музей фондида қўлёзмалар, тошбосма китоблар, нодир нашрлар, тасвирий ва амалий санъат намуналари, шунингдек, юзлаб ўзбек шоир ва ёзувчиларининг ҳаёти ҳамда ижодига оид экспонатлар сақланади. Жумладан, музей экспозицияларида Амир Темур ва темурийлар даври, Алишер Навоий ижоди, “Хамса”нинг қўлёзмаси, достонларга ишланган миниатюралар, шоир ҳаётига оид портрет ва ҳайкаллар, хариталар ҳамда тарихий буюмлар намойиш этилган. Шу билан бирга, Абдураҳмон Жомий, Ҳофиз, Низомий, Фирдавсий, Хусрав Деҳлавий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Зебуннисо, Турди, Нодира, Увайсий ва Маҳзуна каби мумтоз адибларга оид қўлёзмалар, экспонатлар ҳамда санъат асарлари ҳам музей фондидан ўрин олган.
Музейда XX аср ва мустақиллик даври ўзбек адабиётига бағишланган экспозициялар ҳам мавжуд бўлиб, уларда 200 дан ортиқ ўзбек шоир ва ёзувчиларининг ҳаёти ҳамда ижодини ёритувчи кўргазмалар ташкил этилган эди.
“Жаноб Президент! Сизнинг яқиндагина 2026 йил 1 июнь куни “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонингиз чиқди. Унда “ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, ижодкорларнинг бадиий кечаси, маҳорат мактаби ва ижод уйлари ташкил этиш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури” каби бандларга кўзим тушганди, шу сабабли Адабиёт музейини бундай пароканда қолдирмайсиз деган умид пайдо бўлди. Чунки сизнинг Адиблар хиёбонида бажарган ишларингиздан адабиётга эътиборингиз борлигини биламан”, деб ёзган у.
Мурожаат якунида Шукур Жаббор Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейини сақлаб қолишга чақириб, жамоатчиликдан ҳам ушбу мурожаатни қўллаб-қувватлашни сўраган.
Ҳозирча мурожаатда келтирилган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотлар томонидан расмий изоҳ берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида ҳам бўлиб, нодир қўлёзмаларни сақлаш шароити билан танишган эди.
Live
Барчаси