6 та Европа давлати Россияга қўшимча босим ўтказишга келишиб олди
Олам
−
01 Апрель
123706 та Европа давлати Россияга қўшимча босим ўтказишга ва янги санкциялар жорий этишга тайёр эканини эълон қилди. Бу ҳақда кеча, 31 март куни Испания пойтахти Мадридда бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича Германия, Франция, Италия, Польша, Испания ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазирларининг қўшма декларациясида сўз боради.
Улар Украинани сиёсий, молиявий, иқтисодий, гуманитар, ҳарбий ва дипломатик жиҳатдан қўллаб-қувватлашга содиқ эканини билдирган.
“Кўплаб Европа ҳамкорлари, жумладан, ушбу гуруҳ аъзолари Украинага ҳарбий жиҳатдан қўшимча муҳим мажбуриятлар олган ва келажакда ҳам шунга ўхшаш мажбуриятларни режалаштирмоқда”, дейилади декларация матнида.
Давлатлар Россияга босим ўтказишда барча мавжуд воситалардан, жумладан, янги санкциялар қабул қилишдан фойдаланишга тайёр эканини маълум қилган. Бу Россиянинг агрессив уруш олиб боришига тўсқинлик қилиш ва Украинага адолатли ва барқарор тинчликни таъминлаш учун энг яхши позицияни яратиш мақсадида амалга оширилиши таъкидланган.
Шунингдек, улар Россия активлари музлатилган ҳолда қолиши кераклигини, токи можарога барҳам берилмагунча ва Россия етказилган зарарни қопламагунча, бу ҳолат сақланиб қолиши лозимлигини қайд этган.
“Биз Европа ўз хавфсизлиги учун кўпроқ жавобгарликни зиммасига олиши, янада тайёр бўлиши ва ҳозирги ҳамда келажакдаги чақириқларга дош бера олиши кераклигини тасдиқлаймиз”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасидаги бўлиб ўтган телефон суҳбати якунлари бўйича баёнотида Лондон ва Вашингтон Украинадаги уруш давом этаётган бир пайтда Ғарб иттифоқчилари Россия Президенти Владимир Путинга жамоавий босим ўтказишда давом этиши керак деган фикрга келганини айтган эди.
LiveБарчаси