5 яшар қизнинг зўрланиши бўйича қўшимча маълумот берилди

3-саҳифа

−

image

Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ва қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, эркакка нисбатан иккита модда бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Билдирилишича, ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К.М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисмида вояга етмаган шахсга нисбатан номусга тегиш жиноятини содир этганлик учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бундай тоифадаги жиноятни содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташ билан боғлиқ енгилликлар қўлланилмайди.

Ҳудуддаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари томонидан воқеа юзасидан вояга етмаган жабрланувчига зарур психологик, тиббий, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда бола ва унинг оиласига кўмак бериш жараёни давом этмоқда.

Болалар омбудсмани мазкур иш доирасида жабрланувчи боланинг қонуний манфаатлари таъминланиши юзасидан кузатув олиб бормоқда.

Билдирилишича, ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолат юзасидан турли тасдиқланмаган хабарлар тарқалмоқда. Боланинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилувчи ҳамда тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш унинг манфаатларига зид бўлиши мумкин.

“ОАВларда ва ижтимоий тармоқларда шундай мазмундаги хабарларни ёритишда бола манфаатларига риоя этишга ва мутасадди ташкилотлар томонидан расман эълон қилинган маълумотларга таянишга чақирамиз”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида мактаб қўриқлаш хизмати ходими 6-синф қизга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг