5 яшар қизининг жасадини ёқиб, сўнг дарёга ташлаган онага суд ҳукми ўқилди
Жамият
−
13 Август 2020
28600Бундан 10 ой аввал Тошкентда эр-хотин 5 ёшли қиз фарзандини ваҳшийларча ўлдириб, унинг жасадини ёқиб, дарёга ташлаб юборгани ҳақида хабар берган эдик. Улар фарзанди савдо мажмуасида йўқолиб қолди деб, ҳуқуқ-тартибот органи ходимларини чалғитишга уринганди.
Мазкур жиноят бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда MY5 телеканали лавҳасида маълум қилинди.
Суд маълумотига кўра, 2019 йил 24 октябрь куни тушдан сўнг она биринчи турмушидан бўлган 5 ёшли қизи иккинчи турмушидан бўлган 1,5 ёшли боласининг бошини ҳожатхона сувига солаётганини кўриб қолган. Жаҳли чиққан она бор кучи билан болани муштлаб уриб, ирғитиб юборган.
“Қизалоқ боши билан девор бурчагига урилган. Табиийки оғриқдан йиғлашни бошлаган. Она эса уни ўқлов билан уришда давом этиб, жазолаган. Қизалоқ кейинчалик онасидан “оғрияпти”, деб сув сўраган. Аёл бунга эътибор қаратмасдан, уни қўлларини юқорига кўтаргизиб бурчакка турғизиб қўйган. Қиз хириллаб, бўғилиб, нафас олишга қийналаётганини кўрган она қўрқиб кетиб, турмуш ўртоғини чақирган”, дейилади хабарда.
Аёлнинг қўнғироғидан сўнг унинг шаърий никоҳидаги эри Сергелида ижарада яшаб турган уйига тезда етиб келган. Соат 17:00 ларда қизалоқ олинган тан жароҳатлари оқибатида ўша уйнинг ўзида вафот этган. Аёл эрига қамалиб кетгудек бўлса, ёш бола билан қолиб кетишини айтиб, қизчанинг жасадидан қутилишда ёрдам сўраган. Эр рози бўлган.
Сўнгра эртаси куни соат 05:00 лар атрофида Бўстонлиқ туманидаги дала ҳовлига келиб, эр-хотин жасадни ўчоқда ёққан. Лекин жасад охиригача ёнмагач, мурда қолдиқларини йўқотиш учун уни Чирчиқ дарёсига оқизиб юборган.
Қотиллик ўтганидан 10 кун ўтиб она қизалоқнинг бувиси сабаб ИИБга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Маълум бўлишича, ўтган йиллар давомида қотил она шаръий никоҳдаги эри билан Россияда яшаб, икки ўғил фарзандли бўлган. 5 ёшли қизалоқ эса бувисининг уйида яшаб келган. Жиноий ишда шерик бўлган эр-хотин эса Тошкентга қайтганидан сўнг қизчани бувисининг қўлида ўз тарбиясига олган.
Қизалоқ бувисининг “набирам қаерда?” деган сўровларидан қочиш ва ўз айбини яшириш мақсадида аёл Compass савдо марказига бориб, қизини йўқотиб қўйганини билдирган.
Тезкор-тергов гуруҳи томонидан Ж.Н. ва унинг шаръий никоҳдаги эри М.Ф.нинг кўрсатмалари шубҳа остига олиниб, қидирув тадбирларига қарамасдан, фарзанди бир кун мобайнида топилмаганлиги сабабли у қотиллик жинояти қурбони бўлганлиги гумони асосида Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Орадан 10 ой ўтиб Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида жиноятчи эр-хотинга нисбатан ҳукм ўқилди.
Суд ҳукмига кўра, аёлга 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг эри эса айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинган ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ҳукм ўқилган бўлса-да, қотил она ўз айбини тан олмаган. 5 ёшли қизалоқнинг мурда суяклари аёлнинг онасига дафн этиш учун берилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь