5 нафар аёл Тошкентда Президентнинг йўлини тўсмоқчи бўлди
Жамият
−
19 Июнь 2019
25876Ўзбекистон Республикаси Президенти кортежи йўлига чиқиб, уни тўхтатиб, шу орқали давлат раҳбарига мурожаат қилмоқчи бўлган 5 нафар аёл маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Матбуот хизмати хабар берди.
2019 йил 20 май куни соат тахминан 08:45 ларда фуқаролар Гулбаҳор Давранбековна Ташматова, Малика Абдураимжоновна Хаитова, Муҳаббат Ғаниевна Акбарова , Гулбаҳор Рустамбековна Каримбекова ва Хурсаной Холбоевна Эргашева Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси биноси қаршисида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган махсус йўналишда тўпланиб, давлат раҳбарининг мазкур йўналишдан ҳаракатланишини билган ҳолда, махсус йўналишда ҳаракатланаётган кортеж йўлига чиқиб мурожаат қилмоқчи бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ушбу фуқароларга мазкур йўналиш бўйлаб тўпланиб туриш ва давлат раҳбарига бундай тарзда мурожаат қилиш мумкин эмаслигини, ўзларини қизиқтираётган саволлари билан тегишли тартибда мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириб, махсус йўналишдан четроқда туриш кераклигини айтганларида, юқорида исмлари қайд этилган фуқаролар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини ҳақорат қилиб, шовқин-сурон кўтаришиб, қонун доирасидаги талабларни бажаришдан бош тортиб, қаршилик кўрсатганларига қарамасдан махсус йўналиш учун жавобгар бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари белгиланган тартибни таъминлаган.
Юқорида номлари зикр этилган 5 нафар фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича суриштирувни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари ўтказган. Ўзларини “жабрланувчи” қилиб кўрсатаётган фуқароларга нисбатан Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув материаллари асосида Суд органи қонуний баҳо бериб, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари судларга берилган ваколатларга эга эмас.
LiveБарчаси