43 давлат Навальнийнинг ўлими юзасидан халқаро тергов ўтказилишини талаб қилди

Олам

image

Дунёдаги 43 та давлат россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ўлими бўйича мустақил халқаро тергов ўтказилишини талаб қилди. Бу ҳақда “France-Presse” агентлиги хабар берди. 

“Россиядаги мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийнинг ўлимидан ғазабдамиз, бунинг учун асосий жавобгарлик Президент Путин ва Россия ҳукумати зиммасига тушади”, дейди Европа Иттифоқининг БМТдаги делегацияси раҳбари Лотте Кнудсен.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Навальнийнинг ўлимидан норозилик билдирган давлатлар қаторида Европа Иттифоқи аъзолари, АҚШ, Буюк Британия, Украина, Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Норвегия ҳам бор.

“Россия унинг тўсатдан ўлими ҳолатлари бўйича мустақил ва шаффоф халқаро тергов ўтказилишига рухсат бериши керак”, дейди Лотте Кнудсен.

43 та давлат вакиллари Россияни инсон ҳуқуқларини тинч йўл билан амалга оширгани ва Россиянинг Украинадаги урушига қарши чиққани учун ҳибсга олинган барча сиёсий маҳбуслар, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва урушга қарши фаолларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга чақирган.

"Биз Россия Федерациясини жазосизлик муҳитини тугатишга ва сиёсий мухолифат учун хавфсиз муҳит яратишга чақирамиз. Россиянинг сиёсий раҳбарияти ва ҳокимияти жавобгарликка тортилиши керак”, дейди Европа Иттифоқи элчиси.

Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган 3-сонли “Қутб бўриси” ахлоқ тузатиш колониясида Алексей Навальний вафот этди. Унинг дафн маросими 1 март куни Москвадаги Борисов қабристонида бўлиб ўтди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Алексей Навальний халқаро тергов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг