40 йил панжара ортида ўтирган эркак ICE томонидан ушланди
Олам
−
17 Февраль 812 2 дақиқа
Қотиллик айби билан 40 йилдан ортиқ қамоқда ўтирган Субраманьям Ведамнинг ҳукми ўтган йили бекор қилинган эди. Бироқ у озодликка чиқишга улгурмай, АҚШ миграция хизмати (ICE) томонидан яна ҳибсга олинди. Энди 64 ёшли жабрланувчи депортация хавфи остида. Бу ҳақда "CNN" хабар берди.
Пенсилвания суди унинг қотиллик бўйича ҳукмини 2025 йил августда бекор қилган. Маълум бўлишича, 1980 йиллардаги икки суд жараёнида прокуратура ҳал қилувчи баллистик далилларни ҳимоя томонидан яширган. Суд бу ҳолатни адолатли судлов ҳуқуқининг бузилиши деб топган. Округ прокуратураси эса қайта суд ўтказмасликка қарор қилган.
Бироқ бунинг ортидан дарҳол янги муаммо пайдо бўлган. Қарийб бутун умрини АҚШда ўтказган ва доимий яшаш мақомига эга бўлган Ведам ICE томонидан қўлга олинган. Сабаб эса кўп йиллар аввалги депортация қарори. Вашингтон Иммиграция апелляция кенгаши унинг ишини “алоҳида ҳолат” сифатида қайта кўриб чиқишга рози бўлган, аммо шу ҳафта федерал иммиграция судьяси уни гаров эвазига озод этишни рад этган.
Ведам 1980 йилда дўсти – 19 ёшли талабанинг ўлимида айбланган ва шартли озодлик ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Терговчилар уни асосий гумондор сифатида кўриб, бошқа эҳтимолий версияларни четга сургани айтилади. Ҳимоячиларнинг таъкидлашича, ишда этник омил ҳам роль ўйнаган бўлиши мумкин.
Ички хавфсизлик вазирлиги эса позициясини ўзгартиргани йўқ. Улар ҳукм бекор қилингани депортация жараёнига таъсир қилмаслигини билдирган. Шу тариқа, 40 йиллик қамоқдан кейин эркинликка чиққан инсон яна бир ҳуқуқий кураш гирдобида. Унинг тақдири энди иммиграция судларининг қарорига боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг Сидзука префектураси округ суди 47 йилдан ортиқ ноҳақ қамоқда ўтирган ва кейинчалик оқланган 89 ёшли Ивао Ҳакаматага тахминан 217 миллион иена (тахминан 1,44 миллион доллар) товон тўлашга қарор қилганди.
Live
БарчасиТаровеҳ намозини ўқиш вақтлари эълон қилинди
17 Февраль