4 йил бир хонада сақланган 16 нафар бола қутқарилди
Олам
−
02 июл 10610 2 дақиқа
АҚШнинг Огайо штатидаги Ҳамден қишлоғида жойлашган хароба уйдан тўрт йилдан буён битта хонада яшаган 16 нафар бола қутқариб олинди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, болаларнинг ёши 1,5 ёшдан 18 ёшгача бўлиб, уларнинг барчаси бир оилага мансуб. Уй ичида инсон чиқиндилари тўпланган, айрим болалар гапира олмаган, ривожланишида нуқсони бўлган 18 ёшли қиз эса ҳатто ўз исмини ёза олмаган. Винтон округи шерифи Райан Кейннинг айтишича, болалар сақланган шароит ниҳоятда аянчли.
“Бизнинг чорва молларимиз ҳам бу болалардан яхшироқ шароитда сақланган”, дейди у.
Ҳодиса юзасидан болаларнинг ота-онаси ҳамда икки нафар буви ва бобосига нисбатан болаларни хавф остида қолдириш бўйича 16 та айблов қўйилган. Прокуратура мазкур иш одам савдоси билан эмас, балки бир оила ичида содир этилган жиноят билан боғлиқлигини билдирган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари болаларни бошқа жиноят юзасидан ўтказилган тинтув вақтида аниқлаган. Огайо штати бош прокурори Энди Уильсон воқеа жойида кўрган манзарасини “ҳақиқий ёвузлик” деб атаган.
Шерифнинг маълум қилишича, болалар тахминан 3,5 га 3,5 метр ўлчамдаги битта хонада сақланган. Уйда қафаслар топилмаган, бироқ уларнинг қандай қилиб ташқарига чиқишига йўл қўйилмагани ҳозирча очиқланмаган.
Қутқарилган болалардан етти нафари Колумбус шаҳридаги шифохонага олиб кетилган, яна икки нафари вертолётда оғир жароҳатлар марказига етказилган. Улардан бири оғир аҳволда бўлгани сабаб сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.
Терговчиларга кўра, оила сўнгги 20 йил давомида Огайо жанубидаги турли ҳудудларда яшаб келган ва болаларни давлат органлари назоратидан яширишга уринган. Улар мактабга ҳам бормаган.
Ҳамден аҳолиси эса уйда болалар яшаганидан бехабар бўлганини айтган. Ҳозирда давлат органлари барча 16 нафар болани вақтинча ўз қарамоғига олиш чораларини кўрмоқда.
“Бу болалар учун адолат албатта қарор топади”, дейди Огайо штати бош прокурори Энди Уилсон.
Live
Барчаси