4 вилоятда янги гидроэлектростанциялар ишга туширилади

Жамият

image

Жорий йилда Тошкент, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жами 162 мегаваттли янги гидроэлектростанциялар ишга туширилади. Бу ҳақда кеча, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев нефть-газ соҳасида хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган ишлар ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишганида маълум қилинди. 

Маълум қилинишича, ушбу гидро электр станцияларда йилига 648 миллион киловатт-соат электр ишлаб чиқарилади. 

Шунингдек, тақдимотда мутасаддилар шерикликдаги ишларнинг бориши ва галдаги режалар юзасидан ахборот берган.

Президент истиқболли майдонлар бўйича аниқ лойиҳаларни шакллантириш, геология-қидирув ишларидан тайёр маҳсулот олишгача бўлган тўлиқ занжирни йўлга қўйиш юзасидан кўрсатмалар берган. 

Шу билан бирга, амалдаги хорижий ва қўшма корхоналарда янги бурғулаш усулларини қўллаш, қудуқларнинг самарадорлигини ошириш орқали нефть ва газ ҳажмини кўпайтириш зарурлиги таъкидланган. 

Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилган. Мутасаддилар бунинг учун етарли энергия ишлаб чиқариш, газ омборларида жамғариш ва мувозанатли етказиб бериш чоралари кўрилаётгани тўғрисида ахборот берган.

Билдирилишича, Талимаржон иссиқлик электр станциясида 1 минг 65 мегаваттли иккита буғ-газ қурилмаси, Сирдарёда 1 минг 573 мегаваттли иссиқлик электр станцияси барпо этилмоқда. Уларнинг жами қуввати йилига 20 миллиард киловатт-соат бўлади.

Йиғилишда соҳа инфратузилмасини изчил модернизация қилиб, энергия етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида электр таъминотида узилишлар кузатилганди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ушбу ҳолат жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш билан изоҳланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев нефть-газ гидро электр станция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг