38 нафар бюрократ мулозим жазоланди – Адлия вазирлиги

Жамият

image

Давлат органлари ва ташкилотларининг бюрократияга йўл қўйган 38 нафар маъсул ходимлари интизомий жазога тортилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси 29 та вазирлик ва идораларда ўрганилди.

Ўрганишда вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонида белгиланган талаблар бузилгани, айрим тадбирлар ижроси таъминланмагани аниқланган.

Фармон билан 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш бекор қилиниб, ушбу ҳужжатларни мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими орқали сўраб олиниши белгиланган бўлсада, ҳужжат талаби бузилиб жами 3 256 та ҳолатда ҳужжатлар аҳолининг ўзидан талаб қилиб олинган.

Ўрганиш якуни бўйича Президент Фармони талабини бузиб, аҳолидан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиб олганлиги учун қуйидаги вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215-5-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди:

•    Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;

•    Инновацион ривожланиш вазирлиги;

•    Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;

•    Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;

•    Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги;

•    Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги;

•    Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги;

•    Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси;

•    Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси.

Ўрганилган 29 та вазирлик ва идоралардан 3 таси ўрганиш жараёнида, қолган 24 та вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизим идоралари ўрганиш якуни бўйича Адлия вазирлиги томонидан киритилган тақдимномаларга асосан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасига уланиши таъминланган.

Шунингдек, аниқланган қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида вазирлик ва идораларга 21 та тақдимнома киритилган.

Киритилган тақдимномалар натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг 38 нафар маъсул ходимларига интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Адлия вазирлиги Президент Фармони билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиниши бекор қилинган ҳужжатларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан сўраб олинганлиги ёки ортиқча ҳужжатлар олинганлиги аниқланса мазкур вазирлик ва идорлар раҳбарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215-5-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Адлия вазирлиги бюрократ

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг