37 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти импортига бож ноллаштириляпти
Жамият
−
23 Март 2023
9774Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майдаги “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–145-сон фармони билан савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божининг икки баравар ставкаси 2023 йилнинг 1 июлига қўлланилмаслиги айтилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 март куни "Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади.
Унга кўра, 37 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда товарларни импорт қилишда 2024 йилнинг 1 январига қадар “ноль” ставкадаги бож қўлланилади. Улар орасида творог, шоколад, қандолат, макарон, сут маҳсулотлари, йогурт, кефир, пишлоқ, олма, нок ва бошқа маҳсулотлар бор.
Янги фармон билан Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини республика ҳудудига олиб киришда давлат назоратидан ўтказиш жараёнининг самарадорлигини ошириш ҳамда уни хавфни таҳлил қилиш тамойили асосида йўлга қўйиши;
импорт қилишда божхона божининг ноль ставкаси қўлланиладиган кундалик истеъмол товарлари рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиши белгиланган.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши керак.
LiveБарчаси