3 ёшли болани ўлдиришда гумонланган шахсга оид суд қачон бошланиши айтилди
3-саҳифа
−
12 Ноябрь 2024 5102 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида 3 яшар болани ўлдиришда гумонланиб, ушланган С.М.га оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни 2024 йил 15 ноябрь куни соат 14:30 да жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида бошланади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра, 1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган, муқаддам судланган С.М. Жиноят кодексининг 97, 25,97, 219 ва 251-1-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот учун, қотиллик жорий йилнинг 9 июль куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида содир бўлган. Яккатол кўчасидаги кўп қаватли уйда ижара асосида яшаб келаётган 1993 йилда туғилган эркак, ушбу манзилда қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёл билан келиб чиққан ўзаро жанжал оқибатида, аёлнинг биринчи турмушидан 2021 йилда туғилган ўғил фарзандига ўткир тиғли жисм (пичоқ) билан бир неча маротаба тан жароҳатлари етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Бола шифохонага олиб келингунга қадар вафот этган. Қотилга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 3 ёшли боланинг қотили умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов эса буни рад этганди.
Live
Барчаси