23 мартдан тўй-ҳашамлар ўтказиш тўхтатилади
Жамият
−
20 Март 2020
14214Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ҳудудида беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва республика бўйлаб касалликни тарқалишини олдини олиш мақсадида, шунингдек мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан республика махсус комиссияси йиғилишининг қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 21 мартдан эътиборан барча ҳудудларда фаолият юритаётган мавжуд кўнгил очар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, чойхона, ошхона (уйга элтиб бериш хизмати бундан мустасно) караоке, билярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилади.
Шунингдек, 23 мартдан бошлаб “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон фуқароларини соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлари билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади.
Мажлисда айни пайтда чет элларда бўлиб турган фуқароларни Ўзбекистонга қисқа вақтлар ичида олиб келиш ва уларни белгиланган тартибда 14 кун карантинда сақлаш юзасидан кўрилаётган чоралар атрофлича муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 33 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor