2030 йилда “яшил” энергия улуши 50 фоизга етказилади

Жамият

image

Ўзбекистонда 2030 йилга бориб жами генерацияда “яшил” энергия улушини 50 фоизга етказиш режалаштирилган. Узоқ муддатда атом энегрияси базавий манбалардан бирига айланиши кўзда тутилган. Бу ҳақда бугун, 27 март куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган атом энергетикаси лойиҳаси кўриб чиқилиши чоғида сўз борди.

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда кичик қувватли атом электр станцияси қуриш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Уни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилиш ҳамда “йўл харитаси” тайёрлаш мақсадида ишчи гуруҳларнинг учрашувлари ўтказилган.

Халқаро атом энергияси агентлиги билан 2025-2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилган.

“Бўлажак станция қурилишининг ҳар бир босқичи – лойиҳалаштиришдан то битгунга қадар Халқаро атом энергияси агентлигининг қатъий назорати остида бўлади, жаҳоннинг энг илғор тажрибалари ва хавфсизлик талаблари татбиқ этилади”, дейилди йиғилишда.

Йиғилишда мутасаддилар лойиҳанинг бориши, ҳамкорлар билан музокаралар юзасидан ахборот берган. Рухсатномалар олиш ва молиялаштириш масалалари, шунингдек, катта қувватли атом электр станциясининг техник-иқтисодий жиҳатлари ҳамда уни барпо этиш режалари кўриб чиқилган.

Маълумот учун, 2024 йил май ойида “Ўзатом” ва “Росатом” ўртасида Ўзбекистонда кичик АЭС қуриш бўйича шартнома имзоланганди. Станция Россиянинг РИТМ-200Н реактори асосида барпо этилади (қуввати – 55 МВт, хизмат муддати – 60 йилгача).

Дастлабки реактор беш йил ичида ишга туширилиши, кейингилари эса олти ойлик интервал билан фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. АЭС тўлиқ лойиҳавий қувватга 2033 йилдан олдин чиқиши кутилмаяпти.

Ўзбекистон АЭС қуриш учун халқаро консорциум тузишни режалаштириб, Россия, Хитой ва Европа технологияларини жалб этишни кўзламоқда. Бундан ташқари, турбиналар, генераторлар ва совутиш иншоотлари учун халқаро компанияларнинг ускуналарини жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев Ўзбекистонда қурилаётган кичик атом электр станциясининг қиймати 2 миллиард доллардан кам бўлишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг