2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди (видео)
Жамият
−
11:35 901 4 дақиқа
Ўзбекистонда 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятнинг юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бугун, 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида маълум қилди.
“Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак.
Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби.
Аммо миллати, тили ва динидан қатъи назар, 38 миллионли эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир.
Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади”, деди Президент.
Янги йилнинг номида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун алоҳида давлат дастури қабул қилинади.
Ушбу дастурда юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топади.
“Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Бу йўлдаги ишларимиз ҳар бир соҳа ва тармоқда чуқур трансформацияни талаб қилади.
Мақсадимиз аниқ: яқин йилларда даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига кириш.
Фарғона водийсидан Оролбўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан тортиб, Жиззах ва Сирдарёгача – юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир фуқаромиз бугундан бошлаб ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак.
Шунинг учун, кириб келаётган 2026-йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади”, деди Президент.
Президент 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Биринчи устувор йўналиш маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат.
“Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради”, деди Президент.
Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш ишлари давом эттирилади.
Келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади. Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туманни танлаб, ҳамма маҳалласидаги барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратилади. Уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади.
Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади. Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм берилмоқда. Бу борада “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирилиши белгиланди.
Бундай ёндашув орқали 2030 йилгача шароити оғир барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кирилиши таъкидланди. Бу ишларни самарали ташкил қилиш учун туман бюджети даромадини камида 2 карра кўпайтиришга шароит яратиб бериш зарурлиги қайд этилди.
Шу мақсадда 2026 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғидан тушумнинг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, қолган ҳудудларда 20 фоизи қолдирилиб, бу маблағнинг ярми туманлар бюджетига ўтказилади. Бундан ташқари, даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи, экин ерларини ижарага бериш ва бозорлардан тушумлар ҳам тўлиқ туман бюджетига берилади.
Вилоят, туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган штат бирликларни қисқартириб, тежалган маблағни аҳоли ўртага қўйган масалаларни ҳал қилиш учун ажратишга рухсат этилади. Бу орқали туманлар бюджетида 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланади ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади.
Келгуси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилади. Ушбу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳоли учун қўшилган қиймат яратиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади. Бу бюджет маблағларини самарали ишлатишда лойиҳавий ёндашув бўлади.
Урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотлар бошланади. Жумладан, шаҳарлар тартибсиз кенгайишининг олдини олишда аниқ мезонлар белгиланади ва шу орқали экин майдонларининг асоссиз қисқариб кетишига чек қўйилади. Шунингдек, республикада илк бор 45 та агломерация ҳудудлари белгиланади. Келгуси йилда “Барқарор шаҳар” платформаси ишга туширилиб, “яшаш учун қулайлик индекси”ни юритиш йўлга қўйилади. Бу индекс орқали шаҳарлардаги ҳар бир маҳаллага хос муаммолар аниқланиб, уларга мос ечимлар берилади.
Live
Барчаси