2025 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди
Жамият
−
29 Октябрь
8240“2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва Бюджетнома ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
- Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 29-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда:
- 2025-йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг, шу жумладан, Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари ва харажатлари прогнози ҳамда 2026 – 2027-йиллар учун мўлжаллари;
- асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнозлари;
- биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 2025-йилда ажратилаётган маблағларнинг чекланган миқдорлари;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари;
- Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратилаётган тартибга солувчи трансфертлар;
- Давлат қарзининг ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг ҳамда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган ҳажмлари белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси 17 та модда ва 10 та иловадан иборат.
Қайд этилишича, 2025 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси ва 2026-2027 йиллар учун бюджет мўлжаллари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида ишлаб чиқилган. Хусусан, 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоиз ўсиши прогноз қилинган. Ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,1 фоизга, бозор хизматлари 14,5 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда.
Мазкур ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш мақсад қилинган.
Ўрта муддатда солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари:
- консолидациялашган бюджет тақчиллигини 2025-2027 йилларда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик;
- ўрта муддатда асосий солиқ ставкаларини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш;
- бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, берилган солиқ, божхона имтиёзларини самараси ва берган натижасига қараб қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш;
- солиқ ва бюджет сиёсатини босқичма-босқич Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш;
- давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизлик макроиқтисодий хавфсиз даражадан ошиб кетмаслиги учун барча чораларни кўриш, бунда ўрта муддатда ЯИМга нисбатан 50 фоиздан оширмаслик;
- йиллик бюджетни шакллантиришда “Натижага йўналтирилган бюджет” тизимини босқичма-босқич тўлақонли жорий этиш;
- иш ҳақи ва пенсия миқдорларини инфляциядан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш;
- бюджет очиқлигини таъминлаш ҳамда бюджетни шакллантиришда фуқаролар иштирокини янада ошириш;
- Давлат секторида ички назорат ва ички аудитни такомиллаштириш ва кучайтириш;
- Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш ҳамда кўриб чиқишда Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини акс эттириш;
- “Яшил бюджетлаштириш” тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш;
- атроф-муҳит ва табиат муҳофазаси, иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирларининг, сув сарфини камайтириш ва иқтисод қилиб ишлатилишини рағбатлантирувчи тадбирлар устуворлигини таъминлаш;
- халқаро экспертлар билан биргаликда бюджет харажатлари тузилмасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш.
Ушбу мақсад ва йўналишлардан келиб чиқиб, 2025 йил учун Давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўм, харажатлари эса 344,6 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари (бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 66,5 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 117,2 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда, Давлат мақсадли жамғармаларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 54,4 трлн сўм трансфертлар ажратиш белгиланган.
Хусусан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 58,9 трлн сўм, харажатлари 74,9 трлн сўмни ташкил этган ҳолда Давлат бюджетидан 18,5 трлн сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг (Давлат бюджети, Давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар билан бирга) юқори чегараси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз ёки 49,3 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.
Бунда, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари 32,4 трлн сўм ёки прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 фоиз миқдорида тақчиллик билан режалаштирилган. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг тақчиллиги Давлат ички ва ташқи қарзларини жалб қилиш, давлат активларини хусусийлаштириш ҳисобидан тушадиган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
2025 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг юқори чегараси 3 фоиз этиб белгиланиши сабабли ташқи қарзни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд АҚШ доллари, шундан Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун – 3 млрд АҚШ доллари, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.
Шунингдек, давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ҳамда валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2025 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажмини 30 трлн сўм миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда.
LiveБарчаси