2025 йил интернет учун “охир замон” бўлиши мумкин. Қандай қилиб?
Бу қизиқ
−
12 Июль 2023
74074Қуёшда содир бўладиган бўронлар икки йилдан сўнг, 2025 йилда Ерни қоплаб олиши ва оқибатда бу “интернет апокалипсиси”га олиб келиши мумкин. Бу ҳақда “Daily Star” хабар берди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қуёш 2025 йилда ўз фаоллик циклининг (ҳар 11 йилда кузатилади) энг юқори чўққисига чиқади. Бунда Қуёш юзасидаги ҳар бири Ердан бир неча баробар катта бўлган қора доғлар чақнашларга сабаб бўлади. Қуёшдаги бўронлар эса Ерда бир қанча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, 1989 йилда Қуёшда содир бўлган бўронлар электр ускуналарининг ишдан чиқишига олиб келган. Канаданинг Квебек шаҳри электр энергиясисиз қолган. АҚШнинг бир қатор штатларида эса электр узатишда муаммолар юзага келган.
2025 йилда энг юқори фазасига чиқадиган Қуёш цикли эса янада жиддийроқ муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Гарчи Қуёш бўронларини қайд этиб бориш бошланган 1755 йилдан буён бу ҳодиса 25 марта юз берган бўлса-да, жорий бўронлар кўпроқ ваҳимага сабаб бўляпти. Чунки эндиги кутилаётган бўронлар олдингиларидан тезроқ содир бўлиши ва мутахассислар башорат қилганидан кўра кўпроқ Қуёш доғлари ва отилишлар кузатилаётгани таъкидланмоқда.
АҚШнинг Миллий океан ва атмосфера маъмурияти вакилининг сўзларига кўра, Қуёш циклларини кузатиш ва башорат қилиш барча турдаги космик об-ҳаво бўронларининг частотаси ҳақида – радио частоталарининг узилишларидан тортиб геомагнит бўронлар ва Қуёш радиацияси бўронларигача тахминий тасаввурни беради. Бундан эса кўплаб соҳаларда космик об-ҳавонинг Ерга эҳтимолий таъсирини баҳолаш учун фойдаланилади.
Қуёш бўронлари оқибатида Ерда интернет тармоғи бутунлай йўқ бўлиши ёки, таъбир жоиз бўлса, интернет учун “охир замон” келиши ҳақидаги қўрқувлар 2021 йилда Калифорния университетининг Компьютер фанлари кафедраси ассистент профессори Сангита Абду Жйотҳининг ушбу масалада ёзилган илмий мақоласидан сўнг пайдо бўлган. Гарчи олим “интернет апокалипсиси” иборасини ишлатганидан афсусда эканини ва бу жуда катта эътиборни тортганини тан олган бўлса ҳам, ўшандан буён ижтимоий тармоқлар интернетнинг тугаши ҳақидаги гаплар билан “портлади”. NASA эса ҳозирча бунга изоҳ бергани йўқ.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь