2023 йил Андижонда 40 минг киши иш билан таъминланади
Жамият
−
01 Февраль 2023
49442023 йил Андижон вилоятида 800 миллион долларлик 235 та инвестиция лойиҳаси якунланиб, 40 минг киши иш билан таъминланади. Бу ҳақда бугун, 1 февраль куни вилоятда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чораларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида вилоятларга зарур шароитлар яратилмоқда. Хусусан, 31 январь куни имзоланган Президент қарорига кўра, оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли кредитларга Андижон вилоятига 1,1 триллион сўм ажратилади.
Сўнгги икки йилда аҳолига деҳқончилик учун 8 минг гектар ҳосилдор экин ерлари берилган, 2023 йилда яна 10 минг гектар ер тарқатилади. Маҳаллаларда саноатни ривожлантириш учун 36 та микромарказ ташкил этилади.
“Бу йил вилоятда 800 миллион долларлик 235 та инвестиция лойиҳаси якунланиб, 40 минг киши иш билан таъминланади. Аҳолига ажратиладиган 10 минг гектарда 75 мингта доимий ва 200 мингта мавсумий иш жойи очилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ишсиз одамларни касб-ҳунарга ўқитиш, маҳаллаларда ижтимоий ва тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам вазифалар белгилаб берилди ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари аҳоли бандлигини ошириш режалари юзасидан ахборот берди.