2022 йилда Ўзбекистон чорвачиликни ривожлантиришга ЖБдан $300 млн қарз олади
Жамият
−
09 Февраль 2022
7089Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур (кейинги ўринларда – Дастур);
Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурда белгиланган вазифаларни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”.
Дастур тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлар ва асосий йўналишлардан келиб чиқиб, ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган “Йўл харитаси” орқали босқичма-босқич амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Қуйидагилар Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
• аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, ушбу соҳада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш;
• чорвачилик соҳасида сифат назоратини кучайтириш, экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшилган қиймат занжирига эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш;
• табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни тизимли йўлга қўйиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни назарда тутувчи чораларни кўриш;
• чорвачилик соҳасида инфратузилма хизматларини янада ривожлантириш, уларнинг сифатини яхшилаш ва турларини кенгайтириш, ушбу соҳага замонавий бозор тамойилларини кенг жорий этиш;
• чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғини модернизация қилиш, соҳани диверсификация қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция ҳамда хорижий капитал оқимини кўпайтириш, шунингдек, инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш;
• чорвачилик хўжаликларида меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, юқори қўшилган қийматни яратишга қаратилган тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш самарадорлигини ошириш;
• чорвачилик ва унинг тармоқларида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларини кенгайтириш билан интеграциялашган билим ва маълумотларни тарқатишнинг самарадор шаклларини жорий этиш ҳисобидан илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;
• чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва ажратилган майдонлардан унумли фойдаланишни таъминлаш мақсадида бир гектар суғориладиган ва лалми ер майдони ҳисобидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар меъёрларини ишлаб чиқиш.
Шунингдек, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Ветеринария фидойиси” ва “Чорвачилик фидокори” кўкрак нишонларини таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Бундан ташқари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш мақсадлари учун 2022 йилда Жаҳон банкининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини жалб этиш топширилди.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига:
• Дастурни ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
• амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимларининг ахборотларини ҳар чоракда Сенат, Қонунчилик палатаси ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида эшитиб борилишини таъминлаш тавсия этилди.
LiveБарчаси