Вокзалдан гапирамиз: йўловчилар орасида коронавирус аниқланса, қандай йўл тутилади?

Бу қизиқ

Дунё миқёсида пандемия даражасига кўтарилган коронавирус касаллигига  чалинганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу юқумли касалликнинг асосий тарқалиш ўчоқларидан бири жамоат транспортлари бўлиши мумкин. Жамият учун аҳамиятли саналмиш бу жойлар дезинфекцияси қандай амалга оширилмоқда? Бу саволга жавоб олиш учун таҳририятимиз ижодий гуруҳи пойтахт Тошкентдаги Шимолий темир йўл вокзалида бўлди.

Даставвал, бўшаб қолган кассалар ҳудудига кирдик. Масъулларнинг айтишича, ушбу ҳудудлар ҳар 4 соатда бир марта дезинфекцияси қилинмоқда.

Вокзалнинг дезинфекция қилиш билан шуғулланаётган гуруҳ мудираси Гулнора Одилова билан суҳбатлашдик. 

Поездда касаллик аниқланса...

“Дезинфекция ишлари ҳар куни мунтазам равишда олиб борилмоқда. Барча поездлар келиши билан, вокзалнинг ўзида ҳар 4 соатда дезинфекция қилинмоқда. Поезд йўлга чиқишидан олдин ҳам катта хажмда тозалаб, кейин жўнатяпмиз.  

Икки кундан бери бошқа давлатлардан поездлар киритилиши ман этилди. Ўзбекистон фуқароларининг киришига эса тўсқинлик йўқ. Фуқаролар чегарадан киритилаётганда, термометриядан ўтказилмоқда. Ходимларга махсус термометрлар олиб берилган. Тоби қочган йўловчилар учраса, барча эпидемиологик чора-тадбирлар ўтказишга шароитлар мавжуд.

Республика бўйича вирусолог, инфекционист ва бошқа мутахассислардан иборат махсус гуруҳлар ташкил қилинган. Ходимларимиз билан ҳар хил ўқув курслари ўтказилмоқда. Уларга коронавирус билан касалланган йўловчилар аниқланса, қандай ҳаракатларни амалга ошириш ўргатилган. 

Агар коронавирусга чалинган йўловчи учраса, биринчи навбатда вагон изоляция қилинади. Икки томон эшиклари ёпилади. Барча йўловчиларнинг шахсий маълумотлари олинади. Бемор назоратда олиб келинади. Махсус гуруҳлар ташкил қилинган. Уларга маълум қиламиз ва улар керакли чораларни кўришади. Сўнгра, клиникага олиб кетишади”, дейди Санитария-назорат пункти мудираси. 

Мудирадан ташқари, дезинфекция гуруҳининг бошқа ходимларига ҳам микрофон тутдик. Дезинфекция билан шуғулланувчи ходимлардан бири бу вирус сабаб ваҳимага хожат йўқлигини, улар бунга тайёр эканини айтди.  

“Ҳар куни тозаланяпти. Кўпчилик бўлиб кучлироқ режимга ўтганмиз. Юртдошларимизнинг соғлиғини ўйлаган ҳолатда тез-тез дезинфекция  қилиш учун чиқяпмиз. Биз бу ҳолатга барча тайёргарчиликларни қилиб қўйганмиз. Ҳеч қандай кўмаксиз ҳам бир йил ўзимиз ишлайверамиз. Бунга қарши курашга ҳам моддий, ҳам жисмонан кучимиз етади”, дейди тиббиёт ходимларидан бири. 

Дезинфекция ишлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида малакали мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда. Бунда гидрохлорид кальций 0,5 % воситасидан фойдаланилмоқда. Ушбу восита инсон солматлигига мутлақо зарарсиз экани айтилди.

Шимолий темир йўл вокзалига қилган ташрифимиз давомида Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимларини суҳбатга тортдик. Ўсимликлар карантини агроном-инспектори Жаҳонгир Нарзиев қуйидагиларни маълум қилди:

“Бизнинг темир йўл вокзалига асосан Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерациясидан йўловчилар келади. Темир йўл орқали келган йўловчилар тўғридан-тўғри текширувдан ўтказилади. Уларнинг қўл юклари – сумкалари, ўзи билан олиб келаётган маҳсулотлари карантин текширувидан ўтказилади. Буюмлар ичида шубҳали нарсалар, ўсимликлар карантини учун зарарли организмлар топилмаса, йўловчилар юклари билан қўйиб юборилади

Карантин остидаги маҳсулотлар рўйхатида 950 хил маҳсулот мавжуд. Озиқ-овқат, ҳўл мева, қуруқ мева ва бошқа нарсалар ўсимликлар карантини остида ҳисобланади”.

Ташрифимиз сўнгида, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов ҳам ҳолатга ўзининг тушунтиришини берди. 

“Ҳозирги кунда дезинфекциялари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсиялари асосида ўтказилмоқда. Нафақат бунда дезинфекциялаш жараёни, балки ҳар битта шахс шахсий гигиена қоидаларига амал қилиши, одамлар кўп бўлган жамоат транспорт жойларида ниқобларни тақиб юришини тавсия этган бўлар эдим”, дейди у.

Мутасадди ташкилотлардан жамоат транспорти жойларини дезинфекциялаш ишларига доимо жиддий ёндашишини сўраб қоламиз. Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияларга риоя этишлари мақсадга мувофиқ. Зеро, бу бутун жамият хавфсизлиги учун ҳам муҳимдир.    

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилди. Айни вақтда ушбу вирус билан оғриган беморлар 18 кишини ташкил қилмоқда. Мамлакатда 6 минг киши карантинга олинган. 

Суратлар муаллифи Жаҳонгир Сотволдиев
 


Мақола муаллифи

Теглар

карантин коронавирус Тошкент вокзали

Баҳолаганлар

119

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг