200 кишилик “Толибон” делегацияси Қозоғистонга келди
Олам
−
03 Август 2023
7181200 кишидан иборат “Толибон” делегацияси Қозоғистонга етиб келди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
“Марказий Осиё давлатларидан Афғонистон Қозоғистон билан энг кўп савдо қилади, биз ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эгамиз”, деган Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин Twitter’даги саҳифасида.
Шунингдек, Жумангарин “Толибон”нинг савдо ва саноат вазири Алҳаж Нуриддин Азизий билан учрашуви чоғида Қозоғистон Афғонистон билан савдо айланмасини 3 миллиард долларга етказмоқчи эканини айтган.
Унинг таъкидланишича, апрель ойида Кобулга ташрифи чоғида томонлар ўз олдига мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларгача ошириш вазифасини қўйган.
"Қозоғистон компанияларининг Қобулга сўнгги ташрифи якунларига кўра, бизнинг энергетик ичимликларимиз, ун маҳсулотларимиз, минерал ўғитларимиз етказиб берилди, кунгабоқар ёғига ҳам қизиқиш пайдо бўлди. Афғонистондан импортда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бир қаторда тўқимачилик маҳсулотлари ҳам пайдо бўлди”, деган Серик Жумангарин.
Шунингдек, учрашувда ҳамкорликни фаоллаштириш учун Афғонистон томонига Ҳиротдаги Қозоғистон Савдо уйи салоҳиятидан фойдаланиш ва Қозоғистонда ўзининг савдо ваколатхонасини очиш таклиф этилган. Томонлар мавжуд савдо йўлларини ривожлантириш ва Афғонистон орқали товарларни етказиб беришнинг муқобил йўналишларини яратиш имкониятларини ҳам муҳокама қилган.
Қайд этилишича, Қозоғистон маҳаллий компанияларнинг Афғонистонда амалга оширилаётган бошқа иқтисодий лойиҳаларда, хусусан, транспорт, тоғ-кон саноати, телекоммуникация ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида иштирок этишини кўриб чиқмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистон делегациясининг Қобулга ташрифидан сўнг "Казахтелеком” АЖ Афғонистон томони билан тижорат асосида Афғонистонга оптик толали интернет етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган.
Маълумот учун, Қозоғистон ва Афғонистон таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Бугунги кунда Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университетида Афғонистондан 130 нафар талаба таҳсил олмоқда. Серик Жумангарин учрашувда Қозоғистонда таҳсил олаётган афғонистонлик талабалар сонини кўпайтиришни ҳам таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация яқин кунларда Афғонистонга бориши айтилганди. Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси йил охиригача 758 млн долларга етиши кутилаётганини қайд этганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь