20 дан ортиқ эркакка ОИТС юқтирган қиз бор-йўғи уч йилга қамалди
Жамият
−
03 Ноябрь 2022
17314
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида йигирмадан ортиқ эркакка қасддан ОИТС касаллигини юқтирган қиз уч йилга қамалди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди масъули маълум қилди.
Таъкидланишича, 2002 йилда Ғиждувон туманида туғилган фуқаро М.Р. мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ енгил-елпи турмуш тарзида бўлган.
11-синфни тугатгач, оиласидагилар билан ўзаро жанжаллашиб, ўрталарида келишмовчилик юзага келган, натижада М.Р. уйдан чиқиб кетган ва туман марказидаги тунги клублардан бирига ишга кирган.
Ўтган икки йил мобайнида яқинлари унинг хатти-ҳаракатларига чек қўйиш ва ортга қайтариш учун ҳеч қандай чора изламаган.
“Олиб борилган суд-тергов ҳаракатлари давомида қиз тунги клуб ишларидан бўш вақтларида фоҳишалик билан шуғулланиб келган. Кунларнинг бирида соғлиғидан шикоят қилиб, туман касалхонасига боради. Касалхонада олиб борилган тиббий муолажалар давомида қизда ОИТС касаллиги мавжудлиги аниқланган”, дейди суд масъул ходими.
Ҳолатга кўра, М.Р.ни шифокорлар шу заҳотиёқ рўйхатга олган ва мажбуриятлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилган. У ўзидаги инфекцияни бошқаларга юқтирса, Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Бироқ, қиз ўзи танлаган йўлидан қолмаган. Арзимас пул эвазига эркаклар билан жинсий алоқага киришиб, шерикларидан касаллигини яшириб келган. Олиб борилган тергов-суриштирув ҳаракатлари давомида М.Р. йигирмадан ортиқ эркакка ОИТС касаллигини қасддан юқтиргани маълум бўлди. Тергов давомида, айбдор пул ишлаш учун ўз касаллигини бошқаларга қасддан юқтирганини тан олган.
Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) 4-қисми билан айбланган М.Р. уч йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Шаҳбоз Абдусатторов
LiveБарчаси