“193 га 193”: Россия ва Украина асир алмашди (видео)
Олам
−
08:52 1491 2 дақиқа
Кеча, 24 апрель куни Россия ва Украина бир ой ичида иккинчи бор асирлар алмашинувини амалга оширди. Натижада Россия томони 193 нафар ҳарбий хизматчини қайтарди, шунча миқдордаги асир Украина томонига топширилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ссирларни қайтаришда БАА ва АҚШ кўмак кўрсатган. Ҳозирда россиялик ҳарбийлар Беларусь ҳудудида бўлиб, уларга психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Кейинроқ уларнинг барчаси даволаниш ва реабилитация учун Россияга етказилади.
Алмашинув бўлиб ўтгани ҳақида Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Украина томонига Украина Қуролли кучлари ҳарбийлари, Миллий гвардия ва Миллий полиция жангчилари, шунингдек, чегарачилар топширилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдинги алмашинув икки ҳафта аввал, Пасха байрами арафасида бўлиб ўтган эди. Ўшанда жараён “175 га 175” формати бўйича ўтказилган. Ҳарбийлардан ташқари, томонлар бир-бирига етти нафардан тинч аҳоли вакилларини ҳам топширган. Ўшанда Курск вилояти фуқароларининг охирги гуруҳи – барчаси Суджа туманидан бўлган беш аёл ва икки эркак Россияга қайтган.
Асирлар қайтарилишидан икки кун аввал Россия ва Украина ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадлари билан ҳам алмашган эди. Давлат думаси депутати Шамсаил Саралиевнинг РБКга маълум қилишича, Украина томонига 1000 нафар, Россия томонига эса 41 нафар ҳалок бўлган ҳарбийнинг жасади топширилган.
Live
Барчаси