18 ёшли футболчи укаси томонидан отиб қўйилди

Спорт

image

Бразилиянинг “Арагуаина” клубининг 18 ёшли футболчиси Вандерсон Баррос де Соуза укасининг тасодифий ўқ отиши оқибатида ўз уйида фожиали тарзда вафот этди. Бу ҳақда “Poder Goias” нашри хабар берди.

Маҳаллий полиция хабарига кўра, воқеа жорий йилнинг 9 ноябрь куни Арагояния шаҳрида содир бўлган. 

Дастлабки маълумотларга кўра, Вандерсоннинг 16 ёшли укаси ов милтиғини тозалаётганда эҳтиётсизлик билан тепкини босиб юборган. Натижада ўқ Вандерсоннинг бўйнига теккан ва у оғир жароҳат сабаб воқеа жойида вафот этган. 

Полиция ҳодисани “тасодифий ўқ отиш” сифатида тергов қилмоқда. Қуролнинг қаердан олингани ва рухсатномаси бор-йўқлиги аниқланмоқда. Шунингдек, футболчининг укаси яқин кунларда расмий сўроққа чақирилиши кутилмоқда.

“Арагуаина” ижтимоий тармоқларда футболчининг ўлими муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди:

“Жамоамиз аъзоси Вандерсон вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз”, дейилади клуб баёнотида.

Клуб спорт директори Силваниу Родригес Кастронинг сўзларига кўра, Вандерсоннинг оиласи билан суҳбатда уларнинг оғир руҳий ҳолатда экани маълум бўлган. Укасининг эса “шок” ҳолатда экани қайд этилган.

Шаҳар мэрияси спортчига ҳурмат сифатида жорий йилнинг 10 ноябрь куни барча спорт тадбирларини, жумладан, футбол мактаби машғулотларини тўхтатилганини эълон қилди. Фуқаролик полицияси ҳодисани “қасддан бўлмаган ўлдириш”  сифатида тергов жараёнини давом эттирмоқда.

Маълумот учун, Вандерсон  “Арагуаина”нинг 20 ёшгача бўлганлар жамоасида чап қанот ҳимоячиси сифатида тўп сурган ва Вале-ду-Рио-дос-Бойс каби маҳаллий мусобақаларда иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бразилия 18 ёшли футболчи Вандерсон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг