18 апрель. Ўзбекистон ва жаҳонда коронавирус билан боғлиқ қандай янгиликлар юз берди?
Олам
−
18 Апрель 2020
11660Сўнгги 24 соат ичида дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ қандай янгиликлар бор? Қандай воқеа-ҳодисалар юз берди? Буларнинг бари QALAMPIR.UZ’нинг 18 апрель кунги дайжестида.
Дунёда коронавирусдан вафот этганлар сони 150 мингдан ошди. Тошкент вақти билан 06:45 га кўра, уларнинг умумий сони 153 871 нафарни ташкил этмоқда. Натижалар борасида биринчи ўринда АҚШ (35,5 минг), иккинчи ўринда - Италия (деярли 23 минг), учинчи ўринда - Испания (19,5 минг) бормоқда. Бу ҳақда Worldometers маълум қилган.
Ўзбекистонда ҳам кўрсаткичлар ўзгарди. Мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1405 нафарни ташкил қилмоқда. Бугунгача беморларнинг 156 нафари соғайди, 4 нафари вафот этди. Мавжуд беморлар сони 1245 кишини ташкил қилмоқда.
Қозоғистонда қўшимча 48 янги коронавирус инфекцияси қайд этилди. Уларнинг 34 таси Олма-отада аниқланган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 17 апрель куни соат 23:00 га қадар республикада яна 48 та янги коронавирус инфекцияси аниқланган. Умумий ҳисобда мамлакатда инфекциядан зарарланган беморлар сони 1546 нафарга етди.
Бразилияда кунига 217 киши коронавирусдан вафот этди, бу эса умумий ўлим сонини 2141 тага етказди, деб маълум қилди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Умуман олганда, Бразилияда 33 мингдан ортиқ одам коронавирусга чалинган, 14 минг бемор ундан тузалган. Коронавируснинг тарқалиши бўйича Бразилия Лотин Америкасида биринчи ўринда кетмоқда.
Қирғизистонга яқин кунларда Хитой ва Польшадан тиббий мутахассисларнинг келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Аида Исмоилова маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, шифокорлар ёрдам бериш ва коронавирус инфекциясига қарши курашда тажриба алмашиш учун келишади. Бундан ташқари, платформа ишлаб чиқилган бўлиб, унда мамлакатдаги эпидемиологик вазият, гуманитар ёрдамни ҳудудлар бўйича тақсимлаш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутерреш коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқишда глобал коалиция ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. “COVID-19 га қарши вакцинани ишлаб чиқиш учун бизга глобал коалиция керак. Ушбу эмлов ҳамма ерда ва ҳамма учун очиқ бўлиши керак”, деб ёзган у Twitter’даги саҳифасида.
Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг таъкидлашича, COVID-19 коронавирусини аниқлаш бўйича Россия тест тизимлари кўпинча нотўғри натижалар бермоқда. “Биз жуда кўп тест ўтказаяпмиз. Очиғини айтганда, бу тестлар дабдала. Сиз Путин юқумли касалликлар шифохонасида бўлганини ва шундан у ерда бош врач касал бўлиб қолганини пайқаган бўлсангиз керак. У шундай деди: “Мен энди бу тестлардан фойдаланмайман, улар фақат 60 фоизга тўғри чиқади”. Рус тест тизимлари. У 60 фоиз деди, менимча эса, бу кўрсаткич 30 фоиз”, деди Лукашенко.
LiveБарчаси