1700 га яқин ўқитувчи ҳар ой 5 миллион сўмлик устама олади (рўйхат)
Жамият
−
30 Март 2023
11226Президент Шавкатт Мирзиёев ташаббуси билан мактаб таълими тизимида юқори натижаларга эришаётган 1697 нафар ўқитувчи Вазир жамғармасидан тўланадиган 5 миллион сўмлик устамага эга чиқди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур ўқитувчилар жорий йилнинг апрель ойидан декабрь ойига қадар (9 ой) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида (5 млн сўм) ҳар ойлик устама олади.
Вазир жамғармасидан устама олишга муносиб номзодларни танлаб олиш жараёнларида 5 000 дан ортиқ номзодлари берилган усозлар 2 босқичда синов жараёнларида қатнашган.
Дастлабки босқичда Давлат тест маркази томонидан “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий фанлар” ва “Амалий фанлар” йўналишларида номзодларнинг дарс берадиган умумтаълим фани бўйича билим даражасини баҳолаш учун тест синовлари бўлиб ўтган. Иккинчи босқичда эса касбий маҳоратни баҳолаш учун суҳбат жараёнлари ўтказилган.
Илк босқичда 100 фоизлик натижани қайд этган устозлар касбий маҳоратни баҳолаш учун ўтказилган суҳбат жараёнларида ҳам юқори балларни қўлга киритган.
“Тўғри, танлов жараёнларига бир йўла тизимдаги барча малакали педагогларни қамраб олиш имконсиз. Аммо аҳамиятлиси шуки, ўқитувчилар ҳар йили Вазир жамғармасидан тўланадиган устамага номзод бўла олишади. Ҳар йили Ҳудудий кенгашлар томонидан тақдим этилган номзодлар орасидан ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларнинг саралаш жараёнлари ўтказилади”, дейди вазир.
Ғолиб бўлган ва устама ажратилган ўқитувчилар рўйхатини вазирлик сайтидан pdf форматда юклаб олишингиз мумкин.
LiveБарчаси