157 билан қамалган Кубатин ўзининг қандай оқланганини айтиб берди
Жамият
−
06 Ноябрь 2019
6466Давлатга хоинлик қилиш... Халқ тилида 157. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидаги энг оғир модда. Айбланганлар ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан икки ярим йил аввал мазкур модда билан ҳибсланиб, қамоққа олинган ягона маҳбус тарихчи – олим, туркий халқлар тарихига оид учта монография ва саксондан ортиқ илмий мақолалар муаллифи Андрей Кубатин эди.
У 2017 йилда Жиноят кодексининг 157-моддаси, яъни давлатга хоинлик қилишда айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бунга бир кишининг ҳуқуқ-тартибот органларига йўллаган туҳмат хати сабаб бўлди.
Олим ўзининг айбсизлигини исботлаш учун 2,5 йил курашди. Ниҳоят 2019 йил сентябрь ойида у тўлиқ реабилитация қилиниб, оқланди. Андрей Кубатин ЎзА мухбири билан суҳбатда қандай қилиб оқланганини айтиб берди.
“Аввалига менга ҳеч ким қулоқ солишни ҳам истамади. Шу тариқа кунлар, ойлар йилларга уланиб кетди. Лекин айбсизлигимни исботлаш учун курашдан бир лаҳза ҳам тўхтамадим”, дейди Кубатин.
Андрей Кубатин Марказий Осиё тарихига оид адабиётларни хорижлик олимларига бергани учун уни давлат сирига алоқадор ҳужжатларни ошкор қилишда айблашди. Ваҳоланки, у берган илмий адабиётлар интернетдаги очиқ маълумотлар базаларида ҳам мавжуд эди.
Унга қўйилган айб – энг оғир жиноятлардан бўлиб, бундайларга хавфли шахс сифатида қаралган. Илгари бундай шахсларнинг жазо муддати тугагач ҳам турли баҳоналар билан жазо муддати чўзиб борилган. Уни аввалига эшитишмаганининг сабаби ҳам шунда. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди.
“Қамоқхонага тушган кунларим маҳбусга умуман одам сифатида қаралмаслигига гувоҳ бўлдим, – дейди Андрей. – Омадим бор эканки, сал ўтмай, ушбу тизимда, суд-ҳуқуқ соҳасида, айниқса, хавфсизлик хизматида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан муҳим ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Жазони ижро этиш муассасасидаёқ бунинг натижаси яққол сезилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг маҳкумлар билан учрашувлари йўлга қўйилди. Шу тариқа мени эшитадиган одамларни топишга муваффақ бўлдим. Омбудсман вакиллари келганида мурожаатимни уларга топширдим. Давлатимиз раҳбари томонидан мансабдор шахсларнинг халқ билан мулоқоти йўлга қўйилгани туфайли оила аъзоларим Президент давлат маслаҳатчиси, Бош прокурор билан учрашиш ва мен ҳақимда маълум қилиш имконига эга бўлди. Мана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида ишим судда қайта кўриб чиқилди. Тўғрисини айтсам, ислоҳотлар бўлмаганида оқланишим даргумон эди”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Андрей Кубатин Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди аппеляция инстанциясида реабилитация қилинди ва суд залидан озодликка чиқарилди.
Маълумот ўрнида, бундай оғир жиноят билан айбланган ва жазо муддатини ўтаётганда оқланган ягона инсон – Андрей Кубатиндир.
LiveБарчаси