Шарқшунос олим Андрей Кубатин вафот этди
Жамият
−
29 Октябрь 2020
6150Тарихчи, шарқшунос олим Андрей Кубатин бугун, 29 октябрь куни коронавирус асоратларидан вафот этди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Феруза Жуманиёзова Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Андрей Кубатин 2019 йилнинг декабр ойидан буён Ўзбекистон Фанлар академияси миллий археология марказида фаолият юритиб келаётган эди. Олим туркий халқлар тарихига оид учта монография ва саксондан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Шунингдек, Ўзбекистон ва туркийлар тарихини ўрганишда катта ҳисса қўшган жамоат вакилларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди 2017 йилда Андрей Кубатинни Ватанга хиёнат қилишда айбдор деб топиб, 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.
Ўша вақтларда 35 ёшли Андрей Кубатин иши ҳуқуқ фаоллари ва илмий жамоатчилик ўртасида норозиликларга сабаб бўлди.
Жиноят иши ва ўша ишга асосланган ҳукмга кўра, Андрей Кубатин 1000 доллар эвазига Туркиянинг ҳамкорлик ташкилоти ходимига Ўзбекистон Бош архиви ва Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг электрон китобларини бериб юборган. Бироқ охирги бир ярим йил давомида Андрей Кубатиннинг айби судда ўз исботини топмагани, у тақдим этган китоблар очиқ Интернетда мавжудлиги, шунга қарамасдан, уни ноҳақ давлат сирларини сотишда айбдор деб топилгани хабар қилинди.
2019 йил 26 сентябрда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг апелляция судининг қарори билан Aндрей Кубатин реабилитация қилинди ва суд залидан озод қилинди.