14 кунлик сулҳ Трампнинг навбатдаги ҳийласими?
Интервью
−
10 Апрель 1437 5 дақиқа
Эрон элчиси: Биз АҚШга ишонмаймиз, қўлимиз ҳали ҳам тепкида турибди. 14 кунлик сулҳга ғолиб томон сифатида рози бўлдик. Биз АҚШ устидан ғалаба қозондик ва халқимизнинг қудратини исботладик.
Бугун, 10 апрель куни Эроннинг Ўзбекистондаги элчихонасида ўтказилган учрашувда Эрон томони минтақадаги сўнгги ҳарбий-сиёсий вазият юзасидан ўз расмий позициясини маълум қилди. Элчи ўз нутқида Эрон ва АҚШ ўртасидаги қарама-қаршилик, эришилган 10 банддан иборат келишув ҳамда мамлакат ичидаги ижтимоий бирлашув масалаларига тўхталиб ўтди.
“Биз АҚШ ва сионистик режимга сезиларли зарба бериб, уларни мағлуб этдик деб ҳисоблаймиз. Биз бу босқинчилик устидан ғалаба қозондик. Бу халқимизнинг жасорати, Раҳбаримизнинг оқилона бошқаруви, ҳарбий, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик кучларимизнинг қудрати ҳамда илғор технологияларимиз туфайли бўлди. Аммо энг муҳими — халқнинг улкан иштироки эди. Ғалабамизда майдонда қаҳрамонона курашганларнинг ҳиссаси беқиёс”, деди Муҳаммад Али Искандарий.
“QALAMPIR.UZ” журналисти томонидан берилган “АҚШ ҳам, Эрон ҳам сулҳни ўз ғалабаси сифатида кўрсатишга уринаётгани икки мамлакат ўртасидаги адоват ҳалигача жуда кучли эканини англатади. Демак, белгиланган 14 кунлик муддат якунлангач яна кенг миқёсдаги уруш давом этиши мумкинми?” саволига эса қуйидагича жавоб берилди:
“Нима учун биз АҚШни мағлуб бўлди деяпмиз? Ҳозир тушунтираман. Коррупционер Нетаньяху ва ундан ҳам коррупционер Трамп ўзаро бирлашди. Улар дунё тартибини ўзгартирмоқчи эдилар. Улар 4 кун ичида Эронда режимни ўзгартирамиз, деб ўйлашди. Трамп “Мен Эрон раҳбарини ўзим танлайман” деди. Бу содир бўлдими? Йўқ. Улар дунёни алдашга одатланишган эди, лекин бу сафар НАТО ва Европани ҳам ўзларига эргаштира олишмади. Трамп “Ҳормуз бўғозига ҳукмронлик қиламан” деди, лекин ҳеч қачон бунга эриша олмади, олмайди ҳам. У дунёдаги энг катта денгиз ва ҳаво операциясини ўтказди, лекин Эроннинг ҳарбий қудратини йўқота олмади. Биз охирги дақиқагача қаерга хоҳласак, ўша ерга зарба бердик. У бизнинг 2500-5000 йиллик тарихимизга, музейларимизга ҳужум қилди, лекин муваффақиятга эришдими? Йўқ. У ядровий объектларимизни йўқотмоқчи эди, лекин агар йўқотган бўлса, нега яна 150 та самолёт юборди? АҚШ Эронда фуқаролар урушини чиқармоқчи эди, парчалаб ташламоқчи эди, оролларимизни, нефть ва газимизни олмоқчи эди — ҳеч бирига эриша олмади. Демак, биз мағлубият ҳақида гапирганда мана шу ҳақиқатларга асосланамиз. Биз уларнинг барча “Темир гумбаз”ларини ёриб ўтдик ва АҚШнинг минтақадаги базаларини урдик. Минтақадаги қўшниларимизга айтар сўзим: АҚШ сизга хавфсизлик ваъда қилиб, миллиардлаб долларлик қурол сотди. Бу қуроллар асқотдими? Йўқ. Биз қўшниларимиз билан биродармиз ва уларни америкаликлар ёвузлигидан қутқармоқчилигимизни исботладик. АҚШнинг ҳарбий бюджети бизникидан 100 баробар кўп, лекин биз ўз ишимизни қилдик. Бу домино эффектини тўхтатдик”, деди Эрон элчиси.
Эрон томони таклиф қилган 10 бандлик шартлар мазмуни шундайки, у бир неча ўн йиллар давомида АҚШ томонидан Эронга нисбатан олиб борилган сиёсатни мантиқсизлик эканини исботлайди. “Мана шу ҳолатда ҳам бу шартларга Трамп ва унинг маъмурияти кўниши навбатдаги ҳийла эмасми?” деган савол кўпчиликда туғилиши табиий. Элчи бу масалага ҳам тўхталди.
“Аввало, буни Трамп қабул қилди. Ўша 10 бандни Трамп тан олди, бу ҳақда твит ёзди ва расман эълон қилди. Шундан сўнг дарҳол ўт очиш ва ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди. Натижада, на Америка Эронга ҳужум қилди, на Эрон Америкага. Лекин Исроил масаласи бошқача. Исроил асрлардан буён "Буюк Исроил" ғояси ортидан қувиб келади. Улар осонликча рози бўлмайди. Нетаньяху ҳам ўз манфаатини ўйлайди, шунинг учун Ливанга ҳужум қилди. Ливан томондан ҳам уларга қарши ҳужумлар бўляпти. Кейинги нуқта шуки, келишувга кўра тинчлик бўлиши, ўт очиш тўхташи ва Ҳормуз бўғози фаол бўлиши керак эди. Лекин Исроил ҳужум қилганидан сўнг бўғоз тўлиқ ишга тушмади. Яъни, уруш авжига чиққан пайтда у ердан 1 кунда 15 та кема ўтган бўлса, ҳозир бор-йўғи 3 та кема ўтяпти. Аслида барча душманликлар тўхташи керак эди. Ливаннинг тинч қўйилиши ҳам биз қўйган талабларнинг бир қисмидир. Агар бу шарт бажарилмаса, ўт очишни тўхтатиш режими бекор қилинади. Америкаликлар ўтган 52 йил ичида (дунёда) 40 миллион одамни ўлдирди. 40 миллион қурбон... Лекин улар озодлик ҳайкали орқали ўзини дунёга шундай кўрсатадики, гўё бу ер демократия маскани. Гўё улар дунёни озод қилишган”, деди Эрон расмийси.
Элчи суҳбат давомида Эрон томони АҚШга ҳеч қачон ишонмаслигини ҳам айтиб ўтди.
“Биз ишонмаймиз. Ҳеч қачон ишонмаймиз. Бу шахсга, Трамп ва унинг сиёсатига асло ишончимиз йўқ. Қўлимиз ҳозир ҳам тепкида турибди. Унда нега музокарага рози бўлдик? Шунчаки биз ушбу музокараларга қўлимиз баланд келган ҳолда киряпмиз. Улар ўзларининг ёвуз табиатини кўрсатишди ва тартибни бузишди. Улар доим Эронда инсон қадри йўқ, адолат йўқ дейишарди. Аммо биз гарчи ҳар доим айбланган бўлсак-да, қадриятларимизга мувофиқ ҳаракат қилдик. Одам ўлдириш учун ҳаракат қилмадик. Оддий фуқароларга зиён етказмадик. Бизнинг зарба бериш қудратимизни яна бир бор тан олишди. Масалан, Эроннинг 80 та бўлакка бўлинадиган ракеталарининг бирортаси ҳам мактабга тегмади. Биз ахборот агентликларига ҳужум қилмадик. Биз тинч аҳоли тўпланган жойларга ҳужум қилмадик. Улар 47 йил давомида бизга ҳужум қилиш учун режа тузишган эди, лекин хатога йўл қўйишди. Мактабни портлатишди. Биз эса хато қилмадик ва беайб одамларни ўлдирмадик. Бу уларнинг аслини кўрсатди”, деди Искандарий.
Ушбу интервьюни тўлиқ ҳолатда YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин!
Live
Барчаси