12 ёшли қизни зўрлаб, ўлдирган эркак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди
3-саҳифа
−
26 Май 2023
13136Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизни зўрлаб, ўлдирганликда айбланган эркакка умрбод қамоқ жазоси белгиланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 26 май куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида судланувчи А.Т. (1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинган. Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг раиси А.Жалилов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, А.Т. Жиноят кодексининг 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисми, 137-моддаси (одам ўғрилаш) 3-қисми “б” банди, 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми, 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми, 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “в” банди ва 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж”, “з”, “о” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 4-қисми тартибида узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (рецидив жиноят) 3-қисми “б” бандига асосан А.Т. ўта хавфли рецидивист деб топилиб, унга тайинланган жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланди.
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 96-моддаси (жазо билан бирга тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш)га мувофиқ А.Т.га жазони ўташ жойларида алкоголизм ҳамда мураккаб политоксикоманияга қарши даволаш чораларини қўллаш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 31 январь куни Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилган. Жиноят иши бўйича гумонланувчи шахс (29 ёшли эркак) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган эди. Гумонланувчи шахс марҳуманинг хонадонида 2022 йилнинг ёз ойиларида ёлланма ишчи сифатида таъмирлаш ишларини амалга оширган.
LiveБарчаси