10 ойлик фаолият: Байденнинг рейтинги рекорд даражада тушиб кетди

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байденнинг америкаликлар орасида машҳурлиги унинг инаугурациясидан бери энг паст даражага тушди. Буни “The Washington Post” газетаси ва ABC телеканали ўтказган сўров натижалари тасдиқлайди.  

Тақдим этилган маълумотларга кўра, Байденнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятини респондентларнинг 41 фоизи маъқуллаган. Иштирокчиларнинг 53 фоизи қарама-қарши фикрда. Қолганлари эса жавоб бермаган. 

Тадқиқотчиларга кўра, бу Байденнинг жорий йил январь ойидаги инаугурациясидан бери 
“The Washington Post” ва ABC сўровларида қайд этилган энг паст рейтингидир. 

Тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги бир неча ой ичида Американинг амалдаги раҳбарининг машҳурлиги доимий равишда пасайиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби сайловчиларнинг АҚШдаги иқтисодий вазиятдан, жумладан, нархларнинг ошишидан норозилиги бўлган. 

Сентябрь ойида Байденнинг Президент сифатидаги фаолияти респондентларнинг 44 фоизи томонидан маъқулланган. Иштирокчиларнинг 51 фоизи қарама-қарши фикрда бўлган. Июнь ойида бу кўрсаткичлар мос равишда 50 фоиз ва 42 фоиз, апрель ойида 52 фоиз ва 42 фоиз бўлган. 

“The Washington Post” ва ABC томонидан ўтказилган сўнгги сўров 7-10 ноябрь кунлари мамлакат бўйлаб тахминан 1000 нафар америкалик ўртасида ўтказилган. Уларга телефон орқали саволлар берилган. 

Америка етакчисининг машҳурлиги пасайганини бошқа кўплаб социологик тадқиқотлар натижалари ҳам тасдиқлайди. 

Аввалроқ, Байден рейтингининг тушиб кетишига эътибор бермаслигини айтганди.   

Маълумот ўрнида, демократ, собиқ вице-президент ва 36 йиллик Конгресс аъзоси Байден 2020 йил 3 ноябрда бўлиб ўтган сайловларда АҚШнинг 46-Президенти этиб сайланди.


Мақола муаллифи

Теглар

рейтинг Байден

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг