10 минг йил олдин қирилиб кетган мамонт гўштидан таом тайёрланди (фото)

Бу қизиқ

image

Австралиянинг “Vow” компанияси юнгли мамонтнинг (Mammuthus primigenius) ДНК элементларидан фойдаланган ҳолда лабораторияда унинг гўшти аналогини етиштирди. Бу ҳақда кеча, 28 март куни Британиянинг “The Guardian” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 март куни кечқурун Амстердамдаги NEMO илмий музейида “Vow” лабараториясида ишлаб чиқилган мамонт гўштидан тайёрланган кофте намойиш қилинган. Кўргазманинг мақсади биотехнология ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятларини намойиш этиш, шунингдек, одамлар ва замонавий қишлоқ хўжалиги амалиётлари атроф-муҳит ва иқлимга қандай таъсир қилишига эътибор қаратиш бўлган.

Таъкидланишича, олимлар яқин келажакда “мамонт гўшти” дўкон пештахталарида пайдо бўлади, деб ўйламайди. Бироқ шу йил Сингапур ресторанларига сунъий равишда ишлаб чиқилган япон бедана гўшти етказиб берила бошланиши кутилмоқда. Сингапур ҳозирда сунъий ишлаб чиқилган гўштни истеъмол қилиш ва сотишга рухсат берилган ягона мамлакат саналади.

“Биз одамларни озиқ-овқат келажаги нима бўлиши ва у илгаридан қандай фарқ қилиши мумкинлиги билан қизиқтирмоқчи эдик. Бугунги кунда биз истеъмол қиладиган гўштдан яхшироқ ноёб маҳсулотлар борлигини кўрсатмоқчи бўлдик. Мамонтнинг ўзи бундай муҳокамани бошлаш учун ажойиб сабабдир. Биламизки, юнгли мамонт йўқотилган нарсаларнинг рамзи ҳисобланади. Бу тур иқлим ўзгариши оқибатида йўқ бўлиб кетган. Шу орқали нафақат биз учун, балки сайёрамиз учун ҳам яхши бўладиган ажойиб келажак рамзини ихтиро қилиш мумкинлигини кўришни хоҳладик”, дейди “Vow” асосчиларидан бири Тим Ноакесмит.

Маълумот учун, дунё бўйлаб 100 дан ортиқ компаниялар сунъий гўшт бўйича тажриба ўтказмоқда. Яқин келажакда у бутун дунё бўйлаб одамларнинг рационида муҳим ўрин эгаллаши тахмин қилинмоқда. Олимларнинг фикрича, сунъий гўшт ишлаб чиқариш ҳайвонларни қурбон қилишни талаб қилмайди, шунингдек, бунинг учун анъанавий чорвачиликка қараганда камроқ ресурс кетади. Бундан ташқари, чорвачилик натижасида кўп миқдорда ажралиб чиқадиган ва сайёрадаги иқлим ўзгариши жараёнига таъсир кўрсатадиган метан чиқиндилари муаммоси ҳам қисман ҳал қилинади.

“Якуний мақсад – бир неча миллиард гўшт истеъмол қилувчиларни анъанавий ҳайвонлар оқсилидан воз кечиб, электрлаштирилган тизимлардан олинадиган маҳсулотга ўтказишдир. Биз бунинг энг яхши усули гўштни ихтиро қилиш деб ўйлаймиз. Биз ўсиши осон бўлган, ростан яхши таъм ва озуқавий хусусиятларни таъминлайдиган ҳужайраларни қидирмоқдамиз ва кейин уларни турли усуллар билан бирлаштириб, ҳақиқий мазали гўштни кашф қиламиз”, дейди “Vow” Бош директори Жог Пеппу.


Мақола муаллифи

Теглар

сунъий гўшт мамонт гўшти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг