1 январдан яна бир фаолият тури учун лицензия олиш талаб этилмайди
Жамият
−
10 Декабрь 2019
10331Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 9 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
• автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, йўл-қурилиш ишларини техник назорат қилиш учун янгидан бошланадиган объектлар бўйича шартномалар фақат давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказиладиган танлов (тендер) якунлари бўйича тузилади;
• йўл-қурилиш ишлари бўйича консалтинг хизматлари (техник назорат) мустақил ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин;
• Тошкент шаҳри кўчаларини қуриш ва таъмирлаш бўйича буюртмачининг функцияларини синов тарзида Тошкент шаҳар ҳокимлиги амалга оширади.
Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб, нефть битумининг йўлларга мўлжалланган маркаларини сотиш соҳасида фаолият олиб бориш ҳуқуқи учун лицензия олиш талаб этилмайди.
Фармонга мувофиқ, йўл-қурилиш корхоналари МЧЖ этиб қайта ташкил этилган ҳолда Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Фармон билан “Йўлқурилиш” АЖ ташкил этилди ҳамда қўмита таркибидан чиқарилган корхоналарнинг устав жамғармаларидаги давлат улуши мазкур АЖга ўтказилди.
Автомобиль йўллари қўмитаси автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган ва автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш бўйича ишларнинг ягона буюртмачиси этиб белгиланди.