1 сентябрдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси янги тартибда тўланади

Жамият

image
0:00
0:00
download

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг кеча, 25 июль куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланди.

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

•    ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча оилалар ва шахсларни ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиш;

•    мажбурий ижтимоий кафолатлардан, шу жумладан, ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш, ушбу жараёнга очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш;

•    аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;

•    ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш ҳамда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш;

•    аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш;

•    ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиётини жорий этиш.

Қуйидагилар:

•    Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси;

•    Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичлари;

•    Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш мақсадида, 2024 йилдан бошлаб “Йўл хариталари” ҳар икки йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланди.

Фармонга кўра, Молия вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Ижтимоий суғурта жамғармаси фаолиятини молиялаштириш манбалари бўлиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.

Белгиланишича, Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан:

а) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади.

Бунда, ходимнинг иш стажида 1 ойгача бўлган танаффуслар мавжуд бўлса ушбу танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар кетма-кет иш стажини ҳисоблашда қўлланилади;

б) келгусида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бериладиган нафақалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали босқичма-босқич тўланади.

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.Инаков) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев), Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (С.Турдиев), Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси (З.Махкамова) ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

•    2023 йил 1 мартга қадар давлат томонидан кафолатланган ва бепул тақдим этиладиган минимал ижтимоий хизматлар рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;

•    2023 йил 1 июлга қадар давлат томонидан кафолатланган ва бепул тақдим этиладиган минимал ижтимоий хизматларни кўрсатиш стандартларини тасдиқлайди.

Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилиши муносабати билан:

•    2022 йил 1 сентябрдан Молия вазирлиги ҳузуридаги Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси тугатилиши ҳисобига 3 та штат бирлигидан иборат Ижтимоий суғурта жамғармасининг фаолиятини ташкил этиш бўлими;

•    бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро аппарати штат бирликлари ҳисобидан 2 та штат бирлигидан иборат Ижтимоий тўловларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга ошириш шўъбаси;

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бош бошқармалари ҳузурида, уларнинг умумий штат бирликлари доирасида 2 та штат бирлигидан иборат Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағларини бошқариш ва Ижтимоий суғурта нафақалари тўловларини мониторинг қилиш бўлимлари ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

нафақа ҳомиладорлик

Баҳолаганлар

673

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг