1 майдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
26 Апрель 46451 7 дақиқа
Ўзбекистонда 2025 йил 1 майдан эътиборан қонунчиликда бир қанча ўзгаришлар амалга ошади. QALAMPIR.UZ ушбу ўзгаришлар рўйхатининг айримларини бир ерга жамлади.
Ўзбекистонга товарларни божсиз олиб киришга ўрнатилган чекловлар кучга киради
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 19 апрель куни қабул қилинган “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2025 йил 1 майдан эътиборан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:
- ҳаво транспортида - 1000 доллар (амалда 2000 доллар);
- темирйўл ва дарё транспортида - 500 доллар (амалда 1000 доллар);
- автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали - 300 доллар;
- халқаро курьерлик жўнатмалари орқали - 200 доллар (бир чоракда 1000 доллар);
- халқаро почта жўнатмалари орқали - 100 доллар (ўзгармаган).
Шунингдек, темирйўл ва дарё транспортида ҳамда автомобиль ўтказиш пунктлари орқали нотижорат мақсадларда товарларни олиб кираётган шахс хорижий давлатда 2 кундан кам муддат бўлганда, ҳаво транспортида эса 3 кундан кам муддат бўлганда, божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайди. Бунда ушбу товарларга божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ деб қаралади ва товарларнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.
Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулкларни тўғридан тўғри сотишга рухсат этилади
Жорий йилнинг 15 апрель куни имзоланган “Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализациясини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, 2025 йилнинг 1 май кунидан эътиборан устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган банкларга ва улар ҳузуридаги инвестиция компанияларига аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни бозор қийматида тўғридан тўғри сотишга, шу жумладан, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш, лизинг шартномалари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали сотишга рухсат этилади.
Тижорат банкларига қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига қабул қилинган бино-иншоотлар, технологик ускуналар ва бошқа мол-мулклар негизида тижорат банклари ҳузуридаги инвестиция компаниялари орқали тўхтаб қолган ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) фаолиятини тиклаб, уларни тайёр бизнес сифатида салоҳиятли инвесторларга сотиш ҳуқуқи берилади.
Президент томонидан тадбиркорларга берилган қатор енгилликлар кучга киради
Жорий йилнинг 18 апрель куни қабул қилинган “Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармонига асосан Ўзбекистон ички бозорида рақобат муҳити ривожлантирилади ва айрим тадбиркорларга солиқ маъмурчилигида енгилликлар берилади.
2025 йил 1 майдан бошлаб мувофиқлик декларациясини сертификатлаштириш органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади ҳамда уларни шакллантириш ва ҳисобга олиш Техник тартибга солиш ахборот тизими (ТРИС) орқали амалга оширилади.
Фармонга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати бўйича ваколатли орган вазифалари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан амалга оширилади. Бунда 2025 йил 1 августдан озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади ҳамда Қўмита томонидан ишлаб чиқилган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари дахлдор вазирлик ва идоралар билан келишилгандан сўнг тўғридан тўғри амал қилади.
Санитар, фитосанитар ва ветеринария назорати соҳасидаги қуйидаги тартиб-таомилларга мажбурий амал қилиш 2025 йил якунигача талаб қилинмайди, жумладан:
- маҳаллий ва импорт озиқ-овқат маҳсулотлари учун санитария ва эпидемиология хизматларининг лабораториялари натижаларига асосан санитария-эпидемиологик хулоса олиш орқали сертификатлаш;
- барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, болалар овқатлари, терапевтик ва профилактик овқатланиш учун парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик фаол озиқ-овқат қўшимчалари ва янги рецептлар ёки янги технология асосида яратилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун барча техник ҳужжатларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишиш ва тасдиқлаш;
- ўсимлик маҳсулотлари, мато, ипак, чарм, ўйинчоқлар, спорт инвентари ва бошқалар учун ветеринария сертификатини олиш.
Давлат концертларида фонограммадан фойдаланиш чекланади
2025 йилнинг 8 апрель куни қабул қилинган “Концерт-томоша фаолиятида жонли ижрони янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 майидан эътиборан:
- давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади;
- концерт-томоша тадбирлари рекламаларида тегишлича “Жонли ижро”, “Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз” ёки “Фонограммали концерт дастури” деб аниқ кўрсатилиши лозим;
- Маданият вазирлиги томонидан ижодкорларни “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” ва “Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи” давлат мукофотларига тавсия этишда, биринчи навбатда, уларнинг жонли ижро эта олиш қобилияти инобатга олинади.
Кам таъминланган оилаларга “свет” ва газ учун компенсация берилади
Жорий йилнинг 2 апрель куни қабул қилинган “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 майдан 2027 йил 1 апрелга қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган, шунингдек, Реестрларга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга:
- электр энергияси истеъмоли бўйича – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача;
- табиий газ истеъмоли бўйича – иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади.
Шунингдек, иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик ёрдам берилади. 2025/2026 йилги иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўшимча моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг ноябрь ойида қуйидаги оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади:
- Реестрларга киритилган оилаларга;
- “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Реестрларга киритилмаган, бироқ ёрдамга муҳтож оилаларга.
Бунда “маҳалла еттилиги” томонидан қўшимча рўйхат шакллантирилишида биринчи навбатда, боқувчисини йўқотган оилалар, аъзолари I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар, ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилалар, узоқ муддатли даволанишни талаб этадиган касалликлар билан касалланган шахслар яшовчи оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи шахслар ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уч ва ундан ортиқ оила яшайдиган хонадонларда ҳамда газ таъминоти бўлмаган ва марказлаштирилган тартибда иситилмайдиган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар инобатга олинади.
Қўшимча равишда шакллантириладиган рўйхатдаги оилалар сони Реестрларга киритилган оилалар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги лозим.
Маҳсулотларни “Ҳалол” белгиси билан тамғалашга рухсат этилади
Жорий йилнинг 1 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга мувофиқ 1 майдан Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти стандартлари талаблари асосида сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” белгиси билан тамғалашга рухсат этилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш соҳасини тартибга солиш тўғрисидаги қуйидаги таклифларига розилик берилганди:
- Маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органларини ташкил этиш;
- Маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” талабларига мувофиқ сертификатлаштиришда ҳамда уларга нисбатан талабларни белгилашда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (SMIIC) томонидан қабул қилинган ва расмий халқаро миқёсда эътироф этилган стандартларга устуворлик ҳуқуқини бериш;
- 2025 йил 1 майдан мазкур қарор ҳамда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти стандартлари талаблари асосида сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни “Ҳалол” белгиси билан тамғалашга рухсат этиш.
Live
Барчаси