1 китоб ўқиган маҳкумнинг жазоси 3 кунга қисқартирилиши мумкин

Жамият

image

Энди Ўзбекистонда битта китоб ўқиган маҳкумнинг жазо муддати 3 кунга қисқариши мумкин. Бу ҳақда Миллий тикланиш партияси томонидан ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳасида сўз боради. 

Маълум қилинишича, ушбу ташаббус орқали маҳкумларнинг билим ва маданиятини ошириш, уларнинг ижтимоий адаптациясини яхшилаш ва жазо муддатини ўтказиш жараёнида руҳий ва ахлоқий ривожланишга кўмаклашиш кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасига кўра, тасдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқиган ва белгиланган имтиҳонни топширган маҳкумнинг жазо муддати 3 кунга қисқартирилади.

“Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, бир неча йиллардан буён китобхон маҳкумларнинг жазо муддатини қисқартириш таклифи илгари суриб келинаётган эди. Ниҳоят бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди”, дейди қонун лойиҳаси муаллифлари. 

Шунингдек, ушбу қонунда маҳкумлар йилига кўпи билан 10 та китоб ўқиши мумкинлиги белгиланган. Маҳкумлар ўқийдиган адабиётлар рўйхати эса Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланиб борилади. 

“Китоб ўқиш нафақат улар учун янги билимларни эгаллаш имкониятини яратади, балки улар ўзларини қайта тарбиялаш ва жазо жараёнидан чиқиш учун ижобий ўзгаришлар киритишга ундайди”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофали видеоучрашувга бўлган ҳуқуқи таъминланиши мумкинлиги хабар қилинганди. Ушбу қонун лойиҳаси замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш орқали уларни жамиятдан узилиб қолмаслигини таъминлаш, жазони ўтаб чиққанидан сўнг жамиятга қайта мослашишига кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Миллий тикланиш маҳкум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made