1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади
Жамият
−
15 Май 2023
10610Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади. Бу ҳақда бугун, 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда янги босқичга ўтиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Унда ҳар йили касб-ҳунарга ўқитишга 200 миллиард сўм ажратилаётгани, аммо бу маблағлар тадбиркорлик субъектларининг мутахассисларга эҳтиёжи билан боғланмагани кўрсатиб ўтилган.
“Худди шундай, тадбиркор ҳам йилига катта харажат қилиб, ўзи учун минглаб мутахассис тайёрлашга мажбур. Лекин бунда давлат қўллаб-қувватлови керак”, дейилади хабарда.
Видеоселектор йиғилишида Президент аҳоли бандлигини таъминлаш ва малакали мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида тадбиркорликка янада кенг имкониятлар яратиш ва молиявий рағбатлар тақдим этиш зарурлигини қайд этиб ўтган.
Шу мақсадда 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади.
Дастурга 2023-2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади.
Бу маблағлар ҳисобидан:
- камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа аҳамиятига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади;
- тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
LiveБарчаси