Ўхшаш тақдирлар: Қирғизистон Президентлари лавозимидан қандай кетган?
Олам
−
16 Октябрь 2020
28650Хабарингиз бор, кеча, 15 октябр куни Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков мухолифат босими остида истеъфога чиқди. Республика мустақиллиги йилларида уни тўртта Президент бошқарган. Улардан иккитаси рангли инқилоблар натижасида ағдарилган, бири Қирғизистон Конституциясига мувофиқ лавозимни тарк этган, Сооронбай Жээнбеков – оммавий норозиликлар остида истеъфога чиқишга қарор қилган.
Асқар Акаев (1990-2005)
Қирғизистоннинг биринчи президенти, республиканинг ҳозирги Чуй вилоятида туғилган Асқар Акаев мамлакатни 15 йил давомида бошқарган. У биринчи марта 1990 йил 27 октябрда республика Олий Кенгаши томонидан Президент этиб сайланди. Кейинчалик у умуммиллий тўғридан-тўғри сайловлар давомида уч марта (1991, 1995 ва 2000) энг юқори давлат лавозимига қайта сайланди. 2005 йил бошида Қирғизистонда парламент сайловлари натижалари билан мухолифат 10% дан кам ўринларни эгаллади ва оммавий норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар нафақат овоз бериш натижаларини бекор қилишни, балки республика Президенти Асқар Акайевнинг истеъфосини ҳам талаб қилишди. 24 март куни Бишкекда намойишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашган. Мухолифат Ҳукумат уйига бостириб кирди ва шу куни Асқар Акаев республикани тарк этди. 4 апрель куни у Москвада бўлганида, 5 апрелдан бошлаб Қирғизистон Президенти лавозимини тарк этиш тўғрисида расмий баёнот берди. 11 апрель куни Жўқорғу Кенеш депутатлари Акаевнинг истеъфосини маъқулладилар. Худди шу куни, Президент вазифасини вақтинча бажарувчи Қурманбек Бакиевнинг қарори билан собиқ президентнинг оиласи дахлсизлик ҳуқуқидан ва унинг ўзи эса республика қонунчилигига мувофиқ берилган имтиёзларнинг бир қисмидан маҳрум қилинди.
2010 йил 13 августда Қирғизистон ҳукуматининг қарори билан Асқар Акаев дахлсизлик мақомидан ва мамлакатнинг собиқ президенти унвонидан маҳрум қилинди. 2005 йилдан бери Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Москвада яшаган ва илмий фаолият билан шуғулланган. 2006 йилдан – Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси. У Ломоносов номидаги Москва давлат университети комплекс тизимларини математик тадқиқотлар институтининг етакчи илмий ходими. Россия Фанлар академияси Марказий иқтисодиёт ва математика институтининг бош илмий ходими.
Қурманбек Бакиев (2005-2010)
Қирғиз мухолифати раҳбарларидан бири бўлган Қурманбек Бакиев республикани 2005 йилдаги “Лола инқилоби”дан ва Асқар Акаевнинг ағдарилишидан кейин ўз қўлига олди.
У 2005 йил 10 июлда Президент этиб сайланган (2009 йилда қайта сайланган). 2010 йил 7 апрелда давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга Роза Отунбаева бошчилигидаги мухолифат томонидан тузилган янги муваққат ҳукумат келди. Қурманбек Бакиев Бишкекдан жанубда, Жалолобод вилояти ҳудудидаги ота-боболари қишлоғида яширинган. Бир неча кундан кейин у Қозоғистонга учиб кетди, у ердан 16 апрелда вақтинчалик ҳукуматга давлат раҳбари лавозимидан кетиши тўғрисида баёнот юборди. Бир неча кундан кейин Бакиев Беларусга йўл олди, у ерда Беларусда ҳали ҳам яшайди ва баъзи маълумотларга кўра фуқароликни олган.
2010 йил 4 майда муваққат ҳукуматнинг қарори билан Қурманбек Бакиев собиқ давлат раҳбари мақомидан ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. 8 май куни у Қирғизистон ҳукумати томонидан қидирувга берилган. Қирғизистон Бош прокуратураси бир неча бор Бакиевни экстрадиция қилиш тўғрисида Минскка сўров юборган, аммо рад этилган.
Мамлакатда собиқ президентга бир нечта айбловлар қўйилган. 2013 йил февраль ойида у мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб, сиртдан 24 йиллик қамоқ жазосига, 2014 йил апрелда – Британиянинг Oxus Gold кон компанияси раҳбари Шон Дейлини ўлдиришга уринишда айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2014 йил июлда – 2010 йил 7 апрелда Бишкекда мухолифат митингини отишни уюштиргани учун мол-мулки мусодара қилиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
2017 йил декабрда – қишлоқ хўжалиги ерларини уй-жой қуриш учун мўлжалланган участкаларга ноқонуний айлантирганлик учун 10 йил қамоқ жазосига тайинланган.
Алмазбек Атамбоев (2010-2017)
Қирғизистоннинг шимолий Чуй вилоятида туғилган Алмазбек Атамбоев 2011 йил 30 октябрда Президент этиб сайланган. У олти йил давомида ҳокимиятда бўлган ва конституцияга биноан янги Президентлик муддатига номзодини кўрсата олмаган. 2017 йилда Атамбоев ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан биринчи давлат раҳбари бўлди. Шу билан бирга, у Президент лавозимига мамлакат Бош вазири жанублик Сооронбай Жээнбековни номзодини илгари суришни тавсия қилди. Ўз навбатида Жээнбеков сайлов кампанияси давомида бир неча бор ғолиб бўлган тақдирда Атамбоев сиёсатини давом эттиришини айтиб ваъда берди.
2018 йил баҳорда сайловлардан кейин, сиёсатчилар орасидаги муносабат кескинлашди. Атамбоев Президент ва унинг атрофидагиларни кланлашиш ва коррупцияда айблади. Бунга жавобан Сооронбай Жээнбеков собиқ Президент даврида юқори лавозимга тайинланган асли шимолдан бўлган бир қанча амалдорларни истеъфога чиқарди.
2019 йил июнь ойида депутатлар Атамбоевга қарши бир қатор айбловларни илгари сурди. Уларнинг орасида коррупция ҳам бор эди. Охир-оқибат Атамбоев собиқ Президент мақоми ва дахлсизликдан маҳрум қилинди. Собиқ давлат раҳбари Чу вилоятидаги қишлоғи Қўй-Тошдаги уйига яширинди. ИИВ Тергов хизмати Атамбоевга жиноий ишлардан бирида гувоҳ сифатида кўрсатма бериши учун уч марта огоҳлантириш берди. Бироқ у сўроққа бормади. 2019 йил 8 августда Алмазбек Атамбоев деярли бир сутка давом этган махсус операция натижасида қўлга олинди. Собиқ давлат раҳбарининг тарафдорлари қаршилик кўрсатди, махсус хизмат зобити операция вақтида вафот этди. Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Атамбоев хавфсизлик кучларига қуролли қаршилик кўрсатиш орқали Конституцияни бузганини айтди.
Собиқ Президент бир қатор жиноятлар, жумладан, коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, одам ўлдириш, одамларни гаровга олиш ва бошқаларда абйланди. 2020 йил 23 июнда Бишкек шаҳрининг Первомай туман суди уни жиноий авторитет Азиз Батукаевни қамоқдан озод қилиш иши бўйича мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 11 йил икки ойга озодликдан маҳрум қилди. Атамбоев Бишкекда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасида сақланаётганди. Қирғизистонда парламент сайловлари натижасига қарши намойишлар бошлангач 2020 йил 6 октябрь куни кечаси тарафдорлари томонидан озод қилинди. 9 октябрь куни амалдаги ҳокимиятга қарши Бишкекдаги митингда иштирок этди. 10 октябрь куни қирғизистон пойтахтида тартибсизликлар уюштиришда айбланиб, яна ҳибсга олинди.
Сооронбай Жээнбеков (2017-2020)
Сооронбай Жээнбеков Қирғизистонни уч йил давомида бошқарди. У 2017 йил 15 октябрда Алмазбек Атамбоев ва унинг Социал-демократик партияси кўмагида сайланган. 2020 йил 5 октябрда Қирғизистон пойтахтида парламент сайловлари натижаларига қарши митинг бошланди. Дастлабки натижаларга кўра, кўпчилик ўринларни Ҳукуматга яқин “Биримдик” (Бирлик) ва “Мекеник Қирғизистон” (Ватаним Қирғизистон) партиялари эгаллаганди. Норозилик ҳаракати полиция ходимлари билан тўқнашувларга айланиб кетди, давлат муассасалари эгаллаб олинди ва номи қораланган бир қатор сиёсатчилар, жумладан Алмазбек Атамбоев озод қилинди. 6 октябрь куни МСК сайлов натижаларини бекор қилди. Мухолифат босими остида 15 октябрь куни Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, сайлов натижалари бекор қилингани ва Ҳукумат истеъфога чиқарилганига қарамай, мамлакатда вазият мураккалигича қолган. Жээнбеков Қирғизистон тарихида қон тўккан ва ўз фуқароларига ўқ узган Президент сифатида қолишни истамаганини айтиб ўтди. У мухолифат етакчиларидан бўлган янги Бош вазир Садир Жапаровни Бишкекда вазиятни нормаллаштириш учун чоралар кўришга чақирди.
LiveБарчаси