Қишнинг ғами: Ўзбекистонда кўмир захираси қанча? Ангрен кўмир конига саёҳат

Жамият

2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли ва бюджет ташкилотларининг кўмир билан доимий равишда таъминланиши бўйича қандай чоралар кўрилмоқда. Ўзбекистонда кўмир захираси неча йилга етади? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида QALAMPIR.UZ “Ўзбеккўмир” АЖда бўлди. 

Ҳар йили куз-қиш мавсуми бошланиши билан мамлакатда кўмирга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Кўмирнинг истеъмолчига сифатли етиб бориши, доимий захира бўлиши кўп жиҳатдан кўмир конларига боғлиқ.

Ўзбекистонда асосий иккита кўмир кони бўлиб, булардан бири Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудида жойлашган “Ўзбеккўмир” АЖга қарашли бўлса, иккинчиси Сурхондарёда жойлашган “Шарғункўмир” конидир. Ангрен кўмир заводидан қўнғир кўмир қазиб олинса, Сурхандарёда жойлашган кўмир конида тошкўмир қазиб олинади. 

7 минг гектар ер майдонини эгаллаган Ангрен Кўмир кони 1947 йилдан буён қазилади. Кўмир конида иш тинимсиз 24 соат давомида олиб борилади. Бир йилда аҳолига тўрт миллион тоннадан ортиқ кўмир етказиб берилади. 

Бугунги кунда “Ўзбеккўмир”АЖда 6 мингдан ортиқ ходим ишлайди. Кўмир конида 1700 дан ортиқ ходим иш фаолиятини олиб боради. 

Ишнинг асосий қисми Ангрен кўмир ҳавзаси ҳудудида амалга оширилади. Ишлаб чиқариш ҳудудида “Ангрен, “Апартак” очиқ кўмир конлари ҳамда “Шахта услубида кўмир қазиб олиш кони" жойлашган. 

Бугунги кунда кўмир очиқ усулда қазиб олинадиган Ангрен кони Ўзбекистонда қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқариш ҳажмининг 85 фоизини таъминлайди

Ангрен конида кўмир билан бирга йўл-йўлакай каолинли гил ҳам қазиб олинади. Кон бирламчи ва иккиламчи каолин қатламларига ҳам бой бўлиб, ушбу депозитнинг ноёблигини англатади.

Ангрен конида қазиб олинаётган кўмир республика иқтисодиёт тармоқлари, бюджет ташкилотлари ҳамда аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб берилади. Ангрен ва Янги-Ангрен иссиқлик электр станциялари асосий истеъмолчилардир.

Бир сменада ўртача ҳисобда 300-350 нафар ходим фаолият олиб боради. Агар бир сутка ҳисобида олинcа, бир кунда 12 минг тоннагача кўмир қазиб олинади. Бир ойда эса 330-350 минг тоннагача кўмир қазиб олиниб, сараланади.

Кўмир қазиб олиниб, аҳолига етиб боргунигача бўлган жараён тўрт босқични ўз ичига олади. Энг муҳим майдонлардан бири – бу кўмир қазиб олиш майдони бўлиб, аввал кўмирнинг устки қатлами очилади, сўнг кўмир қазиш ишлари амалга оширилади. Кўмир қазиб олингач, махсус автомашиналарда кўмир омборига юборилади

Турли ҳажмдаги кўмирлар конвейер ёрдамида элакдан ўтказилиб, 2200 метр узунликдаги конвейер орқали саралашга юборилади.

Жигаристон саралаш комплексида кўмирларнинг куллилик ва намлик даражаси лабораторияда аниқланиб, барча талабларга жавоб бергач, ҳажмига қараб вагонларга ортилади ва истеъмолчиларга юборилади. 

Мутахассислар маълумотига кўра, кўмир конида бир сменада 12 тоннагача кўмир қазиб олинар экан. Кўмир қазиб олиш, саралаш ишлари 24 соат давомида тинимсиз олиб борилади. Айни вақтда бу ерда қанча кўмир захираси бор деган савол билан Ангрен кўмир конининг бош мутахассиси Фаррух Отажоновга юзландик. 

“Сиз кўриб турган жой кўмирни саралаш ва вагонларга юклаш майдони. Бу ерда кўмирлар ажратилади.Саралаш комплекси кўмир конидаги сўнгги жараёнлардан бири, десак тўғри бўлади. Юқорида гувоҳи бўлганингиздек, кўмирнинг етти хил тури бўлса, бу ерда улар сараланади. Бу комплексда бир кунда 24 соат давомида етти минг тонна кўмир сараланиб, истеъмолчига етказилади. 

Сўнгги маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ангрен кўмир конида 1 млрд 786 млн тонна кўмир захираси мавжуд. Агар иш ҳозиргидек давом этса, 200 йиллик захира мавжуд дея оламиз. Бу майдонда икки хил кўмир бор ва бу пастки қатламдаги кўмирлар. Кўмирларнинг ҳажми истеъмолчининг талабидан келиб чиқиб етказилади”, дейди Фаррух Отажонов.

Кўмир конида тайёрланган махус репортажни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ангрен куз-қиш Кўмир кони

Баҳолаганлар

266

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг