Туркия ва Греция можаросига Меркель аралашди
Олам
−
04 Сентябрь 2020
5726Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Германия канцлери Ангела Меркель билан видеоконференция музокаралари ўтказди. Бу ҳақда Туркия Президенти маъмурияти хабар бермоқда.
Томонлар Шарқий Ўрта Ер денгизи воқеалари, шунингдек, икки томонлама муносабатларга эътибор қаратган ҳолда минтақавий мавзуларни муҳокама қилган.
Музокаралар чоғида Эрдўған Анқара Шарқий Ўрта Ер денгизида Туркия ва Кипрнинг турк ҳамжамияти ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ва барча қирғоқ давлатлари учун фойдали бўлган адолатли келишув тарафдори эканлигини айтган. Шу билан бирга, давлат раҳбари Греция, Кипрнинг юнон томони ва уларни қўллаб-қувватловчи мамлакатлар муаммони ҳал қилишга тўсқинлик қиладиган ва кескинликни кучайишига ҳисса қўшадиган қадамлар қўяётганини таъкидлади.
Президент Эрдўған, айрим давлатларнинг Грециянинг худбин ва адолатсиз позициясини қўллаб-қувватлашига йўл қўйилмаслигини айтиб, халқаро ҳуқуқни эътиборсиз қолдирадиган ҳаракатлар олдида Туркия ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини доимо ҳимоя қилишини таъкидлади.
Туркия раҳбари Анқара Германия канцлерининг Греция ва уни қўллаб-қувватловчи давлатларнинг Шарқий Ўрта Ер денгиздаги минтақавий тинчликка зарар етказадиган қадамлари туфайли юзага келган муаммони ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини мамнуният билан қабул қилишини айтган.
Жорий йилнинг 9 июнь куни Греция ва Италия Ион денгизидаги икки мамлакат ўртасида эксклюзив иқтисодий зоналарни делимитация қилиш тўғрисида битим имзоладилар. 6 август куни Греция ва Миср Ташқи ишлар вазирлари Ўрта Ер денгизидаги зоналарни белгилаш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Ушбу икки келишув аллақачон Греция Парламенти томонидан тасдиқланган. Шунингдек, Афина келажакда Кипр, Ливия ва иложи бўлса, Туркия билан ҳам шу каби шартномаларни тузишни режалаштирмоқда. 26 август куни Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис Парламентда "зудлик билан қонун лойиҳасининг киритилиши билан Греция Ион денгизида ўз ҳудудий сувларини ғарбга қараб 6 дан 12 денгиз милигача кенгайтиради", деб эълон қилди. Мицотакиснинг сўзларига кўра, бу Юнонистоннинг Иониан оролларидан Пелопоннесдаги Тенарон бурнига қадар бўлган ҳудудга тегишли. Бош вазирнинг қўшимча қилишича, Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас аллақачон Италия ва Албаниядаги ҳамкасбларига Грециянинг қарори тўғрисида хабар берган.
Туркия вице-президенти Фуат Октай 29 август куни Греция Эгей денгизидаги ҳудудий сувларини 12 денгиз милигача кенгайтирса, уруш билан таҳдид қилди. Анқара, шунингдек, Юнонистон-Миср келишувини тан олмаслигини ва сейсмик тадқиқотлар олиб борадиган ҳарбий кемалар гуруҳи билан бирга “Оруч Реис” тадқиқот кемасини Кастелоризодан Юнонистоннинг оффшор рафидан жўнатганини айтди. Ўз навбатида, Греция ўз қуролли кучларини шай ҳолатга келтирди ва ўз суверен ҳуқуқларини ҳимоя қилишини эълон қилди.