ОКМКда илк бор соф палладий олинди
Жамият
−
29 Июнь 2020
8512Платинадан 7,3 фоизга қиммат юрадиган бу нодир металлни Ўзбекистонда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ташаббуси ва илмий тадқиқотлари туфайли биринчи бор юқори тозаликдаги 99,00% соф кукун шаклида олишга эришилди. Бу ҳақда комбинатнинг ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, тозаланган соф палладий кукуни ажратиб олиш учун 17 та жараённи босиб ўтиш керак бўлади.
Ўтказилган тадқиқотлар асосида паст концентрацияли электролит эритмаларидан юқори тозаликка эга бўлган соф палладий кукунини ажратиб олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилиб, металл ажратиб олиш даражаси 80 фоизга олиб чиқилган.
“Дунё миқёсида мазкур нодир металга бўлган талаб жуда юқори бўлиб, улар ҳар доим ҳам рудаларда етарли даражада учрамайди. Соф ва ўта тоза палладий металлини ажратиб олиш борасида 2018 йилнинг ноябрь ойидан буён илмий тадқиқот ишлари олиб борилди. Мақсад палладий миқдори кам бўлган чиқинди электролит эритмаларидан, гарчи 50 мг 1 литрда бўлган тақдирда ҳам соф палладий кукунини ажратиб олиш усулини ишлаб чиқишдан иборат эди.
Бугунги кунда ҳатто 40 мг палладий бир литр эритмада қолгунча чўкмага тушириб олинмоқда. Аввалги технологик йўриқномаларда бундай натижаларга эришилмас эди. Чўктирилган палладий комплексини куйдириш ва қайта тиклаш жараёнларини қайта тадқиқ қилиш асносида пиро-гидрометаллургик оптимал параметрлар ишлаб чиқилди. Палладий таркибли эритмаларни зарарли қўшимчалардан тозалаш ва фойдали металларни ажратиб олиш учун ишлаб чиқаришга жўнатишни мўлжалловчи комплекс чўктириш ва тозалаш усуллари саноатга жорий этилди”, дейди Янги технологиялар марказий лабораторияси Мис металлургияси бўлинмаси бошлиғи Орифжон Усмонқулов
Маълумот ўрнида, дунё бозорида 1 грами 67 долларга баҳоланаётган палладий ишлаб чиқариш саноати йилдан йилга соҳавий тарзда такомиллашиб бормоқда. Платинадан 7,3 фоизга қиммат юрадиган бу нодир металл асосан тиббиёт, хусусан, стоматология соҳасида, электроника, машинасозлик ва кимёвий ишлаб чиқариш тармоқларида кенг қўлланилади. Палладий ишлаб чиқариш саноатининг 40 фоизи асосан Жанубий Африка Республикаси ҳамда Россия, Шимолий Америка ҳамда Зимбабве ҳиссасига тўғри келмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь