Энергия ресурслари нархи ошади, энг кам иш ҳақи ҳам
Жамият
−
05 Июль 2019
15647Ўзбекистонда энергия ресурслари тарифлари оширилади. Шунга мос равишда энг кам иш ҳақини ҳам ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинган.
Видеоселекторда энергия ресурслари тарифларини оптималлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
"Охирги икки йилда аҳоли, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш мақсадида тегишли тармоқларни модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш ва харажатларни оптималлаштириш талаб этилмоқда. Буларсиз тармоқларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва соҳага фаол инвестицияларни жалб қилиш имконсиз.
Шу боис, мутахассислар ва халқ вакиллари фикрларини инобатга олиб, аҳоли учун тарифларни кескин оширмасдан, инфляция даражасига яқин миқдорда ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Тариф ислоҳотлари халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ҳам ошириш режалаштирилган", дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда тарифларни тартибга солиш бўйича таклиф этилаётган ислоҳотларни аҳолига тўлиқ етказиш зарурлиги таъкидланган. Солиқ ислоҳотларини тарғиб қилиш бўйича Республика ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек, маҳаллий кенгашлар депутатлари, иқтисодиёт ва коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари мутасаддилари жойларга бориб, ҳар бир маҳаллада аҳолига тарифлар ўзгаришининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича вазифалар белгиланган.
LiveБарчаси