Йўлдаги ёв. Ўзининг эски чопони – ўзганинг янги тўнидан афзал – Qalampir.uz дайжести

Таҳлил

−

Reklama
0:00

Кун давомида Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида содир бўлган муҳим ҳодисалар тафсилоти билан Qalampir.uz дайжести 

Самарқандда 8-синф ўқувчиси ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида вояга етмаган бола бошқарувидаги Lacetti автомобили тут дарахтига урилиши оқибатида 8-синф ўқувчиси ҳалок бўлди.

Маълум қилинишича, йўл-транспорт ҳодисаси Тойлоқ тумани “Бахшитепа” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 30В-036-сонли автомобиль йўлининг 3-километрида содир бўлган.

Вояга етмаган ҳайдовчи рул бошқарувини йўқотган ва йўл четидаги тут дарахтига бориб урилган.

Оқибатда автомобиль йўловчиларидан бири 15-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси олган тан жароҳатлари сабабли шифохонада вафот этган. Машинада бўлган қолган 4 нафар ўқувчининг аҳволи яхши бўлгани учун уларга шифохонадан уйига жавоб берилган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани Ички ишлар бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентда ҳайвонлар ва қушлар оммавий нобуд бўлмоқда

Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани, Чилонзор-26 мавзесида қаровсиз ҳайвонлар ва қушлар оммавий нобуд бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аҳоли бунга қасддан заҳарлаш сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.

Учтепа тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, вазият назоратга олинган. Масъул хизматлар билан биргаликда ҳодиса тафсилотлари тегишли тартибда қайд этилгач, ҳудудни кўздан кечириш, нобуд бўлган ҳайвонлар ва қушларни йиғиштириб олиш ишлари ташкил этилмоқда.

Ҳайвонлар ўлими сабабларини аниқлаш учун ваколатли хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жалб этилади. Агар қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилгани тасдиқланса, айбдорлар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Ҳокимлик заҳарли моддалар қўлланган бўлиши эҳтимоли одамлар ва уй ҳайвонлари учун ҳам хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирган. Шу сабабли фуқароларга шубҳали моддаларга қўл теккизмаслик, болалар ва уй ҳайвонларини уларга яқинлаштирмаслик тавсия этилган.

Шунингдек, аҳолидан нобуд бўлган ҳайвонлар топилган аниқ манзиллар ва ҳодиса тафсилотларини аниқлашга ёрдам берадиган маълумотларни туман ҳокимлигига етказиш сўралган.

Маҳкумларга олий таълим олиш имконияти берилади

Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларига кириб, масофавий шаклда тўлов-контракт асосида ўқиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Президентнинг “Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш ва ижтимоийлашувини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, 2027/2028 ўқув йилига қадар жазони ижро этиш муассасаларида 310 та ўқув ва 420 та амалий машғулотлар хонасини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, 2030 йилга қадар меҳнат бозори талабларига мос камида 50 та касб бўйича ўқув дастурлари жорий этилади. Ҳар йили камида 15–20 минг нафар маҳкумни талаби юқори бўлган касбларга ўқитиш, уларни касбга тайёрлаш орқали такрорий жиноятчилик даражасини 30 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.

“Янги ҳаёт” дастури доирасида олий таълимга қабул қилинган маҳкумларнинг масофавий шаклда ўқиши учун колонияларда видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланган хоналар ажратилади.

Бундан ташқари, ёш маҳкумлар орасидан сайлов йўли билан ёшлар фаоллари танланади. Улар ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида рағбатлантирилади.

Барча колонияларда маҳкумлар ўртасида масофавий шаклда “Ёш китобхон” танлови ташкил этилади.

20 йил аввал ажрашган жуфтлик яна турмуш қурди 

Туркиянинг Ўрду вилояти, Уне туманида 5 нафар фарзанди бўлган ва тахминан 20 йил аввал ажрашган 93 ёшли Эмина Сари ҳамда 92 ёшли Меҳмет Сари яна никоҳдан ўтди.

Жуфтликнинг илтимосига кўра, Уне мерияси ходимлари никоҳни қайд этиш учун зарур тайёргарлик ишларини олиб борган. Расмиятчиликлар якунлангач, Уне мериясининг никоҳни қайд этиш бўлими ҳовлисида никоҳ маросими ташкил этилган.

Маросимда жуфтликнинг никоҳини туман мери Ҳусайн Тавли қайд этган. Эмина ва Меҳмет Сарининг никоҳ маросимида Уне тумани раҳбари ҳамда Чатак маҳалласи оқсоқоли гувоҳлик берган.

Никоҳ маросимида сўзга чиққан Уне мэри жуфтликни табриклаган. У ҳаёт баъзан инсонларни турли йўлларга етакласа-да, севги, хотиралар ва бирга ўтган йилларнинг қадри ҳеч қачон йўқолмаслигини, ушбу никоҳ эса муҳаббат, вафо ва қайта бошланаётган умр йўлларининг энг гўзал намуналаридан бири бўлишига ишонишини айтган.

АҚШда самолёт қулаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди

АҚШнинг Аризона штатида, “Катта Канён” миллий боғининг шимолий чеккаси яқинида бир двигателли самолёт ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида бортдаги 3 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

Маълум қилинишича, Piper Comanche русумли, тўрт ўринга мўлжалланган самолёт ва унинг парчалари Канённинг шимолий чеккасидаги Басин ҳудудидан топилган.

Самолётни ҳаводан қидиришда иссиқлик тасвирлагичлар ва тунги кўриш ускуналаридан фойдаланилган.

Қайд этилишича, ҳалокат сабабларини АҚШ Транспорт хавфсизлиги миллий кенгаши Миллий боғлар хизмати кўмагида ўрганмоқда. Ҳалок бўлганларнинг шахси ҳозирча ошкор этилмаган.

 

 

 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг