Эркаклар – бош, аёллар – бўйин. Биринчи хонимлар Ўзбекистонга нега келди?
Таҳлил
−
10 Ноябрь 2023
6990Бошқаларни билмадиму менга ташкилот, иттифоқ, кенгашлар, уларнинг саммитлари эмас, унга келаётган Президентларнинг рафиқалари, уларнинг бир-бири билан қандай саломлашганию қандай либос кийгани, қаерга боргани жуда қизиқ. Жумладан Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига келган Биринчи хонимларнинг ҳам.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 8-9 ноябрь кунлари пойтахт Тошкент Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитига мезбонлик қилди. Ўзбекистонга турмуш ўртоқларига ҳамроҳ бўлиб Туркия Биринчи хоними Эмина Эрдўған, Эрон Биринчи хоними Жамила Аламолхода, Қирғизистон Биринчи хоними Ойгул Жапарова келди. Негадир охирги вақтларда борди-келди, бор товоғим-кел товоғимни ўрнига қўяётган Меҳрибон Алиева бу сафар кўриниш бермади.
Ўзбекистоннинг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева эса меҳмон биринчи хонимларни зериктириб қўймади. Лекин аввалгиларидек фақат маданий тадбирлар билан ҳам чеклангани йўқ. Бу ёқда эркаклар иқтисодий масалаларни ҳал қилаётганда аёллар экология, унинг умумдунё аҳолиси, айниқса, болалар келажагида тутажак роли, авлодларга хавфсиз, тоза, озода ва осуда заминни мерос қолдириш учун Мирзиёева васийлигидаги “Zamin” фондига тўпланди.
Биринчи хонимларга Ўзбекистон Президентининг кенжа қизи – Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳамроҳлик қилди. Фондда “Болалар ва ёшлар ҳаракатда — Марказий Осиёда иқлим ўзгариши” халқаро форуми бўлиб ўтди. Форум очилишида "Замин" фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ёш экофаолларга мурожаат қилар экан, шундай деди:
"Бугун бу ерда сизларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳит учун курашдаги етакчилигингизни эътироф этиш мақсадида йиғилдик. Қўшниларимиз билан биргаликда Самарқанд экологик оромгоҳи якунлари бўйича ишлаб чиқилган Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда ёшлар ва болаларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича минтақавий стратегиянинг имзоланиши янги келажак сари ташланган муҳим қадам бўлади”, дейди Зироат Мирзиёева.
Йиғинда иштирок этган БМТ Атроф-муҳит дастури ижрочи директори Ингер Андерсеннинг фикрича, узлуксиз "яшил" таълим ва экологик маданиятни шакллантириш орқали ёшлар салоҳиятини мустаҳкамлаш мумкин.
“Экологик таълим улкан аҳамиятга эга. У келажак авлодларга шунчаки норозилик вакиллари бўлиш эмас, балки ўзгаришларнинг драйверига айланиш учун зарур кўникма ва билимларни беради. Ниятимиз – кейинги авлодлар сайёра билан уйғун ҳаёт кечиришнинг янги ва яхшироқ усулларини орзу қиладиган дадил ҳукумат етакчилари, олим ва новаторлар бўлсин”, дейди Ингер Андерсен .
ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис эса Иқлим ўзгариши ва экологик таълим масалаларининг мактаб дастурларига киритилиши болалар ва ёшларнинг ўзгариб бораётган иқлимга мослашиш кўникмаларидан хабардорлигини оширишда муҳим қадамдир, деган фикрда.
Туркия Президентининг рафиқаси Эмина Эрдўған эса дунёдаги 8 миллиард одам билан бирга барча жонзотларни хавф остига қўйган иқлим инқирозидан энг кўп болалар зарар кўраётганини қайд этди.
Унинг фикрича, иқлим инқирози – бола ҳуқуқларининг бир бўлаги. У сўзида давом этиб, дунёда рўй бераётган урушлар, хусусан Ғазо инқирозига эътибор қаратди.
“Можаролар, терроризм ва ишғолларнинг олдини ололмай, фарзандларимизни ҳимоя қилолмагунимизча, барча эзгу ниятларимиз ўз мазмунини йўқотади. 7 октябрдан бери Исроилнинг халқаро ҳуқуқни бузган ҳужумларида йўқотилган болаларимиз сони сўнгги уч йил ичида барча можаро зоналарида ўлдирилган болалар сонидан аллақачон ошиб кетди. Нафратни зирҳдек кийган, раҳм-шафқатини йўқотган, виждон овозини ўчириб қўйган давлат болаларнинг бошига ракеталар, бомбалар ёғдириб, дунёмизни ҳалокатга тортмоқда. Ўт очишни тўхтатишни қабул қилмаган Исроил инсонпарварлик ёрдамининг Ғазога етиб боришига рухсат бермаяпти. Даҳшатли зулм виждонда тузатиб бўлмайдиган яралар яратади”, дейди Туркия Биринчи хоними.
Эмина Эрдўғаннинг урғулашича, фарзандлар ва оналарнинг ноласини тили, дини, тери рангига қараб ажратиш бу инсониятга қарши жиноятга шерик бўлишдир.
Биринчи хоним Эрдўған қон тўкилишини тўхтатишнинг ягона йўли масалага диний ва тарихий ришталардан, сиёсий ва тижорат алоқаларидан холи равишда виждон ва раҳм-шафқат назари билан қараш эканини айтди.
У Мьянма, Сомали, Украина ва Сурияда бўлгани каби Фаластинга нисбатан ҳам дунёдан худди шундай муносабатни кутаётганини билдирди. Дунёда ҳеч бир шафқатсизликни жим кузата олмайдиган Туркия, аввал ўт очишни тўхтатиш, кейин эса доимий тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қатъият билан давом эттиришини айтди.
“Чунки биз болалар ўсиб-улғайиб, ер юзини қонлари билан эмас, табассумлари билан бўяшлари мумкин бўлган дунёни хоҳлаймиз. Уларнинг номларини шаҳидлар рўйхатида эмас, балки медаллар, инсоният манфаати учун яратилган ихтиролар, китоблар, санъат асарларида кўришни истаймиз. Освенцимда оиласидан айрилган виждонли яҳудийлар Фаластиндаги қон тўкилишини тўхтатиш учун курашар экан, қирғиннинг геноцидга айланаётганини кузатиб турмаган жамиятларнинг фарёди фалакка кўтарилгани сари инсониятдан умидларимиз ортиб бормоқда”, дейди Эмина Эрдўған.
Сўзи сўнггида у иқлим ўзгариши бўйича форумни ташкил этгани учун Ўзбекистоннинг Биринчи хоними Зироат Мирзиёевага миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, форумда Эрон Биринчи хоними Жамила Аламолхода, Қирғизистон Биринчи хоними Ойгул Жапарова ҳам ўз мамлакатларида экологик вазият ва дунёдаги муаммоларни ечиш масалалари ҳақида нутқ қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь