Сиёсат аёллари қандай кийинади?

Таҳлил

Одатда қизлар, аёллар кийим олиш учун бозорга тушишади, дўконлардан харид қилишади ёки бўлмасам тикувчиларга мурожаат қилишади. Масалан, Тошкентда аксарият аёллар миллий услубдаги кийимлар хариди учун худди мендек Чорсу бозорига келади. Аммо ҳеч ўйлаб кўрганмисиз омма эътиборида кўп бўладиган сиёсатдаги аёллар, биринчи хонимлар ва бошқа машҳур аёллар ўз имижи учун қандай кийимларни афзал кўради, қайси дизайнерлар ишидан фойдаланади. Масалан, уларнинг баъзилари ўз имижи учун миллионлаб пул сарфлайди, дунёнинг энг қиммат дизайнерлари ва кийим брендлари фаолиятидан фойдаланади. Бироқ уларнинг орасида камтарона кўринишни ҳам танлайдиганлари бор, албатта. Ўйлаганингиздек, бугун сиёсат оламидаги машҳур аёлларнинг имижи ҳақида гаплашамиз.

Мелания Трамп

Келинг, биринчи рўйхатни мамлакатларнинг ҳозирги ва собиқ биринчи хонимларидан бошласак. Американинг собиқ президенти ва ҳозирда ҳам мамлакат раҳбарлигига ўз номзодини қўйган Доналд Трампнинг рафиқаси Мелания Трампдан сўз очсак. Чунки у дастлабки фаолиятини моделлик билан бошлаган. Собиқ биринчи хоним Мелания Трамп ўзининг гардеробини моделдан сиёсий аёл образига ўтишда уни эҳтиёткорлик билан тузди. Мелания Трамп консерватив бўлиши учун баланд ёқали ва кўпинча тошбақа бўйинли услубдаги кийимларни танлайди. Блузка, пальто фарқи йўқ, у ёқани яхши кўради. Шунингдек, кийимлар линиясини мураккаб сақлаш учун Мелания Трамп ўз гардеробига шим костюмларини ҳам киритади. Кўпчилик Меланияни  жуда кам харид қилишини таъкидлайди. Аммо у Ralf Lauren, Dolсe & Gabbana, Guссi ва, албатта, Diorни яхши кўради.

Бундан ташқари, собиқ биринчи хоним қўлларини узун енгли ёки елкасига ўралган пальто билан ёпишни афзал кўради.

Мода психологи Карен хоним бу билан Мелания "Менга қаранг, лекин тегманг", маъносини ифодалаётганини айтади. Бироқ Мелания Трамп ўз имижида баланд пошналардан кўп фойдалангани учун танқидларга учраган. Масалан, у довулдан азият чеккан Техас штатига ташриф буюрганида кийган баланд пошналари учун танқидлар остида қолган.

Ҳа айтганча, Мелания ўзининг сокин юриш-туриши билан танилган бўлса-да, унинг кийимлари кўпинча баланд овозда. Меланиянинг сочларини узун ялтироқ тўлқинларсиз тасаввур қилиш қийин.

Бир нарсани таъкидлаш керакки, Ғарбда биринчи хонимларнинг либослари солиқ тўловчилар томонидан тўланмайди ва дизайнерлар кўпинча уларни бепул кийинтиришни таклиф қилишади.

Меҳрибон Алиева

Келинг, энди мода бўйича ўз йўналишимизни Ғарбдан Шарққа бурсак. Шарқ Биринчи хонимлари орасида ўзининг ўзгача ва такрорланмас стили билан ажралиб турадиган Озарбайжоннинг амалдаги Президенти Илҳом Алиевнинг рафиқаси Меҳрибон Алиева ҳақида сўз юритамиз.

Озарбайжоннинг биринчи хоними образи имижология ва дипломатия дарсликлари учун намунадир.

Унинг қиёфаси беғубор обрў-эътиборга асосланган, пухта ва табиий яратилган. Мода мутахассислари собиқ Совет республикаси биринчи хонимининг услубини юқори баҳолайди. Россиялик модельер Вячеслав Заитсев уни "ҳақиқий ҳашаматли аёл" деб атайди.

Қайд этиш жоиз, оммавий ахборот воситаларида биринчи хоним ғайратли, билимли, ўзига ишонган ва ватанпарвар рафиқа, она ва ёш бувиси сифатида тақдим этилади.

У Шарқ аёлининг стереотипик ғоясини йўқ қилишга муваффақ бўлди ва у ҳар қандай европалик аёл каби нафис кўринишини акс эттиради. Шарқий минтақа аҳолиси унинг услубини Мелания Трамп билан солиштиришади.

Озарбайжоннинг биринчи хоними Карл Лагерфелд, Гиоргио Армани, Ралф Лаурен, шунингдек, озарбайжонлик модельер Руфат Исмоил каби кутюрелар ва брендларнинг кийимларини афзал кўради. Қайд этиш керак, у қора ранг ва замонавий классикаларни яхши кўради.

Ангела Меркель

Германия канцлери бўлиб ишлаган, Ангела Меркель нафақат олиб борган сиёсати, балки имижи билан Буюк Британияни Бош вазир бўлиб бошқарган Темир хоним Маргарет Тэтчер билан доимо қиёсланади. Аммо улардаги асосий фарқ Маргарет хоним Меркелдан кўра ташқи кўринишига кўпроқ аҳамият берган, Меркел эса бу масалада мутлақо бефарқлик кўрсатади. Унинг одатий кийими: 3 тугмали костюми, текис шим ва пойабзал. Имиж кучи китоби муаллифи Робб Янг ўзининг китобида Меркелнинг ташқи кўриниши немисларнинг ҳаёт тарзини ифодалашини айтади, Унга кўра, немислар тежамкор раҳбарларни халқ қадрлайди. Меркель ўзининг оддий кийиниш услубини танлашига "Менинг бундан ҳам муҳим ишларим бор, дея жавоб қайтарган". Аммо аксарият Учинчи дунё давлатларининг хонимлари ҳашаматни севади ва кийимлари учун пулларни аямайди. Тўғри-да, кимсан давлат раҳбарининг рафиқаси бўлиб туриб оддий кийиниш бу уятда. Киноямни тушундингиз, деган умиддаман.

Меркелни ўрганган мода мутахассисларининг айтишича, унинг кийими модели йиллар давомида деярли ўзгармаган.

Машҳур немис модельери Карл Лагерфиелд Меркелнинг услубини танқид қилган. Унинг сўзларига кўра, Меркель қоматининг хусусиятларини ҳисобга олиши керак. Шимлар жуда узун, курткалари тор, ранглар эса нотўғри танланган дейди, у Меркелнинг имижи ҳақида. Аммо у давлатни яхши бошқарди, унинг оддий кийимлари унинг сиёсатига халақит бермади.

Танзила Норбоева

Имижи ва кўриниш жиҳатдан Ангела Меркелга ўхшатиладиган Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ҳозирда 67 ёш. Қайд этиш жоиз, Норбоева дастлаб ушбу лавозимга келганидан бери унинг услуби ва кўриниши анча ўзгарди. Ўзбекистонлик таниқли актриса Раъно Шодиева интервьюларидан бирида у Сенат Раиси Норбоеванинг шахсий дизайнери бўлганини айтган. Актриса Туркияга кетганидан сўнг бу ишни давом эттиролмаганини маълум қилган ва ҳозирда Норбоеванинг дизайнери кимлиги ҳақида маълумот топилмади. Дарвоқе, келинг, унинг имижига бир назар ташласак. Сенат раиси учрашувларда асосан костюм ва классик юбкани афзал кўради. Худди Меркель имижи дейилганда, аввало, костюм ва юбкалар келганидек Норбоевада ҳам шундай. Аммо Танзила Норбоева миллийликни ҳам уйғунлаштиради. У афзал кўрадиган асосий ранглар қора ва кўк ранг. Яна бир факт Танзила Норбоева соч турмагини деярли ўзгартирмайди. Тўғри, унинг имижини бироз зерикарли дейишингиз мумкин, аммо Германияда Меркель ўз ишини яхши бажаргани учун ҳурматга сазовор.

КХДР хоними Ри Соль Чжу

Юқорида айтган аёллар барчамизга бирдек таниш. Биз уларни телевидение ва тармоқлар орқали тез-тез кўрамиз. Аммо ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, дунёга ёпиқ Шимолий Корея давлатининг биринчи хоними қандай кийинади?

Дунёнинг энг яккаланиб қолган давлатларидан бири бўлган Шимолий Кореяда етакчи Ким Чен Ин негадир “тўсатдан” биринчи хоним Ри Соль Чжуни оммага кўрсатди. Бунгача мамлакат раҳбарлари ҳеч қачон рафиқаларини оммага кўрсатмаган. Шимолий Кореяда аёлларнинг аксарияти расмий костюм кийишлари ва ўзларини иложи борича камтарона тутишлари керак бўлса-да, бу мамлакатнинг биринчи хоними тиззасидан юқори юбка ва пошнали пойабзал кияди. Ким Чен Ин ёш рафиқаси омма олдида пайдо бўлиши билан Шимолий Корея аёлларининг шим, платформали пойабзал ва тақинчоқлар кийишига қўйилган тақиқни бекор қилди, бу эса мамлакатнинг мафкуравий ахлоқчиларини ҳайратда қолдирди.

Шунингдек, Ри Соль Чжу эрининг отаси ва бобоси тасвири туширилган нишонларни тақмайди, бу Шимолий Кореяда мажбурий аксессуар ҳисобланади. Бу унинг учун дунёда севгилиси Ким Чен Индан бошқа эркаклар йўқлиги билан изоҳланди.

Эмина Эрдўған

Туркия давлатининг биринчи хоними, Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси салкам 70 ёшли Эмине Эрдўған Европа хонимларидан ҳеч ҳам кам эмас ва кўп жиҳатдан ўзининг нафосатли кўриниши бўйича улардан ўзиб кетади. Эмине Эрдўған жуда эҳтиёткор кийинади. Чиройли ёрқин либослар, ҳижоб ва баланд пошнали туфлилар президент рафиқаси ва тўрт фарзанднинг онаси нафис қиёфасининг ажралмас атрибутларидир. Эмине Эрдўған шунчаки ажойиб кўринади: ажинлар тармоғисиз яхши ишланган тери, бенуқсон бўяниш, ҳар бир кийимга мос келадиган ажойиб шарфлар ва ҳижоблар. Унинг имижини яна турли хил тақинчоқ ва тўғноғичларсиз тасаввур қилиш қийин.

Айтганча, ҳақиқий турк аёли ва давлат раҳбарининг рафиқаси сифатида Эмине турмуш ўртоғининг Туркиядаги аёлларнинг тарихий мақоми ҳақидаги фикрларини қўллаб-қувватлайди. Эр-хотиннинг сўзларига кўра, Усмонли империяси бунга ажойиб мисол, у ерда мусулмон аёллар содиқлик рамзи бўлиб, кўп болали оналар ролини бажарган.

Эрдўған хонимнинг Ғарб брендларига, хусусан, француз брендларига иштиёқи баланд. Маълумки, Туркия раҳбарининг рафиқаси Ҳермес, Чанел ва бошқа француз брендларининг ашаддий мухлисаси. Айтганча, шу туфайли Эмине Эрдўған бир вақтлар  жанжал марказида қолган. 2020 йил октябрь ойи охирида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Париж ва Анқара ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгани муносабати билан француз товарларини бойкот қилишга чақирди.

Ўшанда интернет фойдаланувчилари Эрдўған хонимнинг француз брендларига бўлган муҳаббатини эслашди. Ўшанда оммавий ахборот воситалари Эмине хонимнинг 50 минг евролик Биркин сумкаларининг бутун коллекцияси борлигини ёзганди.

Саида Мирзиёева

Энди эса кутганингиздек, Ўзбекистон Президентининг қизи Саида Мирзиёеванинг имижи ҳақида гаплашсак. Саида Мирзиёева гардеробидан энг кўп классик костюмларни ўрин олганини сезмаслик мумкин эмас. Асосан, у оёқни ёпувчи узун ва кенг классик шимларни афзал кўради. Юбкага келадиган бўлсак, у ҳеч қачон тиззадан баланд юбкаларни танламайди. Шунингдек, у қатъий битта рангдаги кийимларни афзал кўради – классик қора ёки графит ранг.

Бундан ташқари, Мирзиёеванинг имижида белбоғлар ва бўйинни ёпувчи туртленекалар асосий ўринда туришини сезиш мумкин. Аммо Президентнинг қизи оддий услубни ҳам афзал кўради, уни жинси шимлар, футболка ва кроссовкаларда кўриш мумкин. Ўзининг ижтимоий тармоқларида у кўпинча оилавий кадрларни кўрсатади ва унда Мирзиёева оддий услубда кўриниш беради.

Деярли ҳар доим Саида оддий соч турмагини афзал кўради. Сочлар елкасига эркин тушади ва бўянишда у табиийликка эътибор беради. Кун мавзуси нашрига кўра, сизнинг бюджетингиздан қатъи назар, Мирзиёеванинг кўринишини такрорлашингиз осон. Хўш, Мирзиёеванинг имижини, унинг кийимларини такрорлаш ростдан ҳам осонми?

Келинг, у ишидан фойдаланадиган дизайнерлар кимлигини аниқласак. Масалан, у Флоренсияда кийган ушбу қизил либос Саади деб номланувчи ателье томонидан яратилган. Бу тилларанг нақшлар билан безатилган қора кўйлак ҳам ушбу ателье тармоғига тегишли. Умуман олганда, Президентнинг ёрдамчиси Мирзиёева ушбу ателье томонидан яратилган либослардан кўп фойдаланади. Хўш, ушбу ателье кимга тегишли. Қизиғи ателье эгаси Саида Мирзиёевага бегона эмас. У Саида Мирзиёеванинг холаваччаси Диёра Усмонова бўлиб, Биринчи хоним Зироат Мирзиёеванинг жиянидир.

Дарвоқе, миллий либослар ва дўппилар Мирзиёева имижида алоҳида ўрин тутади. У миллий либослар учун дизайнер Ирода Агзамхўжанинг ишларидан фойдаланади. Масалан, Мирзиёева Венециядаги биенналида Ирода Агзамхўжа ва Диёра Усмонованинг ҳаммуаллифлигидаги ушбу кийимни танлаган. Ирода Агзамхўжа ишидан Биринчи президент Ислом Каримовнинг неваралари Иман Каримова ва Марям Тиллияевалар ҳам фойдаланган. Шундай қилиб, кўриб турибсизки, Саида Мирзиёева асосан ўзимизнинг дизайнерлар ишини афзал кўради, у қайси хорижий брендлардан фойдаланишини эса аниқлай олмадик.

Хўш, энди айтинг-чи, ростдан ҳам Президентнинг қизининг кўринишини такрорлаш осонми? Умуман олганда, сиёсат оламидаги аёлларнинг қиммат ва ҳашамдор кийинишига қандай қарайсиз? Изоҳларда ўз фикрингизни қолдиринг. QALAMPIR.UZ’ни кузатишда давом этинг.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Танзила Норбоева Эмина Эрдўған Саида Мирзиёева Ангела Меркель Меҳрибон Алиева Мелания Трамп Ри Соль Чжу

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made