Аросатдаги ШКТРни Ўзбекистон ва бошқалар тан олди...ми?
Таҳлил
−
09 Ноябрь 2023
5425Туркиядан ўзга ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) президенти Эрсин Татар бугун, 9 ноябрь куни пойтахт Тошкентда бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.
Гап шундаки, Эрсин Татарнинг ушбу саммитда иштирок этиши ва Тошкентга келаётгани ҳақида расмий манбалар томонидан хабар берилмаган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан ИҲТ саммити ўтказилишига доир хабарда ҳам ШКТРдан вакил иштирок этиши ҳақида сўз бормаган.
Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, жорий йилнинг 2-3 ноябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган Туркий Давлатлар Ташкилотининг Х саммитида иштирок этган Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўз анъанасига содиқ қолиб, саммитдаги нутқида, Шимолий Кипр Турк Республикасини дастаклаб, унинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига ҳам кузатувчи бўлиб қўшилишини ТДТнинг бошқа лидерлари қўллаб-қувватлашини сўраган эди.
“Буюк Туркий оиланинг ажралмас бир қисми бўлган Кипр турклари билан бирдамликда ҳаракат қилиш бизнинг фарзимиздир. Кейинги саммитимизда Шимолий Кипр Турк Республикасини ҳам қарор қилганимиздек кузатувчи аъзо сифатида орамизда кўришимизга ишонаман. Мен бу борадаги зукко раҳбарлигингизга ишонаман”, деган Эрдўған.
Туркий Давлатлар Ташкилотининг Х саммити якунлари бўйича давлат раҳбарлари томонидан имзоланган декларацияда туркий дунёнинг ажралмас қисми бўлган Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий давлатлар парламент ассамблеяси ва Туркий савдо-саноат палаталари иттифоқида кузатувчи мақоми ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга бўлиши қайд этилган.
Тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар Ўзбекистонда бўш ўтирмаяпти. 9 ноябрь тонгигача учта учрашув ўтказди. Ташрифи расмий манбалар томонидан очиқланмаган Татар Тошкентда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Хусрав Нозирий билан учрашди.
Эътиборли жиҳати шундаки, тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти идораси томонидан Эрсин Татарнинг Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашгани ҳақида тарқатилган хабарда Шимолий Кипр Турк Республикаси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда ўтаётган 16-саммитида кузатувчи мақомида иштирок этаётгани айтилган.
Шунингдек, Татар Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар билан икки давлат ўртасидаги алоқаларни муҳокама қилган.
Татар, Покистон Бош вазирига Кипр муаммосининг тарихи ва музокара жараёнлари ҳақида маълумот бериб, Кипр турк халқига нисбатан қўйилган адолатсиз эмбарголарни изоҳлаган. Шимолий Кипр Турк Республикасида қардош Покистоннинг 10 мингга яқин фуқароси яшаётганини эслатган ва Покистон билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш истакларини ифода этган.
Кипрда муаммонинг ечими фақат икки давлат тамойили асосида амалга оширилиши мумкинлигини ифода этган Татар, буни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва алоқага чиққан барча расмийларга тушунтирганини қайд этган.
У Кипр турк халқининг оролда тенг ҳуқуқли халқ эканлигини, лекин Европа Иттифоқининг Кипр румларини якка аъзо сифатида ҳақсиз қабул қилганини ва икки давлатнинг ҳамкорлигига асосланган ечимнинг энг яхши ечим бўлишини айтган.
Ғазода содир бўлган воқеаларнинг Кипр турк халқи бошидан кечирган ҳужум ва қирғинларга ўхшаш эканини тилга олган Татар, бу ҳужумлар ўтмишни эслатганини, болалар ўлдирилган ҳужумларнинг ниҳоясига етишидан умидворлигини билдирган.
Покистон Бош вазири Какар эса Шимолий Кипр Турк Республикасининг ИҲТда иштирокини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Шунингдек, Татар, ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирий билан учрашувда ШКТР ИҲТ билан алоқаларини ривожлантиришни хоҳлаётганини маълум қилган.
Ўз навбатида, ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирий Эрсин Татарга юзланиб, Кипр турк халқининг муаммо ва талабларини яқиндан билишини ва халқаро алоқаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини очиқлаган.
Нозирий, шунингдек, Шимолий Кипр Турк Республикасининг ИҲТ йиғилишларида кузатувчи мақоми билан иштирок этишидан мамнунлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Туркиядан ўзга ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этиш учун 8 ноябрь куни Тошкентга келди. Унинг ташрифи ҳақида Ўзбекистондаги расмий манбаларда ахборот берилмади. Шунингдек, Президент Администрацияси томонидан ИҲТ саммити ҳақида тарқатилган расмий ахборотда Шимолий Кипр Турк Республикасидан вакил иштирок этиши ҳақида сўз бормаган.
LiveБарчаси