Ўзбекистон “свет” ва газни импорт қилишга мажбур бўлмоқда – Энергетика вазири
Жамият
−
11 Сентябрь 2023
11823Ўзбекистон ўз конларидаги газнинг 85 фоизидан фойдаланиб бўлгани сабабли чет мамлакатлардан электр энергияси ва табиий газни импорт қилишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, 2017 йилда электр энергияси истеъмолчилари сони 6 млн 695 минг 539 та бўлиб, шундан 6 млн 408 минг 541 та аҳоли, 286 минг 998 та юридик шахслар бўлган.
2023 йил 1 август ҳолатига кўра, 7 млн 987 минг 86 та абонент бор ва шундан, 7 млн 566 минг 449 таси аҳоли, 420 минг 637 таси эса юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади. 2023 йилга келиб, юридик шахслар истеъмол қилаётган электр энергияси икки баробарга ошган.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 25 июль ҳолатига жисмоний шахс бўлган абонентларнинг қарийб 75 фоизи ойига 200 кВ-соатгача электр ишлатган. Қолган абонентларнинг:
- 9,7 фоизи 300 кВт-соатгача;
- 8,3 фоизи 301-500 кВт-соатгача;
- 5,2 фоизи 501-1000 кВт-соатгача;
- 1,1 фоизи 1001-2000 кВт-соатгача;
- 0,7 фоизи2001-5000 кВт-соатгача;
- 0,1 фоизи 5001-10000 кВт-соатгача;
- 0,1 фоизи 10000 кВт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлатган.
Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳудудидаги 85 фоиз конлар узоқ йиллардан буён ишлатиб келиниши ҳисобига ўз ресурсини сарфлаб бўлган. Конлардаги қолган газни қазиб чиқариш учун катта ҳажмдаги маблағ талаб қилинади.
“Бунинг ўринини қоплаш учун электр энергияси ва табиий газ импорт қилишга мажбур бўляпмиз. Олдинлари Ўзбекистон умуман табиий газ ёки электр энергиясини сотиб олмаган. Албатта маҳсулотлар бозор нархида импорт қилинади ва нархдаги тафовут бюджетдан ажратилган субсидия орқали қопланади”, дейди Мирзамаҳмудов.
Унинг таькидлашича, 2017 йилда табиий газ истеъмолчилари сони 3 млн 298 минг 737 та бўлиб, шундан, 1 млн 298 минг 737 та кўп қаватли уйлар, 2 млн 245 минг 305 нафари ҳовлили уйлар ҳиссасига тўғри келган.
2023 йил 1 август ҳолатига кўра, 4 млн 164 минг 656 та истеъмолчи бўлиб, шундан 2 млн 777 минг 038 та кўп қаватли уй фойдаланувчилари, 1 млн 387 минг 618 нафари ҳовлида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳисобланади.
LiveБарчаси