Уйқусираган кўзлар, гул кўтарган митти қўллар. “Биринчи қўнғироқ”дан фоторепортаж
Жамият
−
04 Сентябрь 2023
8848Бугун, 4 сентябрь - Ўзбекистонда 2023-2024 ўқув йилининг илк куни. Эрта тонгдан қўлида гул кўтарган, оқ-қора форма кийган ўқувчиларни ҳар ерда учратиш мумкин. Бугунги кун, айниқса, жорий йилда биринчи синфга илк маротаба қадам қўйган ўқувчилар учун ҳаяжонлидир. QALAMPIR.UZ Олмазор тумани 298-мактабда бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” тадбиридан фото репортажни эътиборингизга ҳавола этади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилда умумий ҳисобда 732 минг 960 нафар бола биринчи синфга қабул қилинган. Бу ўтган йилги кўрсаткич (707 минг)дан анча юқори.
Бугун илк маротаба биринчи синфга қадам қўйган ўқувчиларга Президент совғалари ҳам топширилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамованинг сўзларига кўра, жорий йилда Президент совғаси таркибига кирувчи мактаб сумкасининг дизайнига алоҳида эътибор берилган. Чунки синфлардаги ўғил ва қиз болалар сонидаги фарқ туфайли баъзида ўғил болаларга қизил, қиз болаларга эса кўк сумкалар бериларди.
Шунингдек, бу йил “Президент совғаси” таркибидаги ўқув қуроллари ҳам алоҳида кўриб чиқилган. Жумладан, жорий йил ўқув қуроллари қуйидагиларни ўз ичига олади:
• ўқувчи сумкаси;
• 12 дона дафтар;
• расм дафтари;
• акварель бўёқлари;
• қаламдон;
• шарикли ручка;
• рангли қалам;
• 2 дона оддий қалам;
• пластилин;
• елим;
• 2 дона ўчирғич.
Ушбу ўқув йилига тайёргарлик жараёнида вазирлик таркибида махсус электрон база шакллантирилган бўлиб, “Президент совға”лари ушбу базага киритилган ўқувчилар сонига мос равишда тайёрланган.
Шунингдек, жорий йилда биринчи синфга қабул тизимида ҳам ўзгаришлар амалга оширилди. Қабул жараёнининг онлайн амалга оширилгани ҳам шулар жумласидандир. Ушбу жараёнда ота-оналарга ёрдам бериш мақсадида ҳужжат топшириш йўриқномаси ҳам ишлаб чиқилди.
QALAMPIR.UZ жамоаси жорий йилда биринчи синфга қадам қўйган ўқувчиларга омад тилайди.
LiveБарчаси