“Олий даражали Имом Бухорий” ордени шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғлига топширилди

Жамият

image

Бугун, 30 август куни марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғли, шайх номидаги масжид имом-хатиби Исмоил Муҳаммад Юсуф Кўксаройда Президент Шавкат Мирзиёевдан отаси учун берилган “Олий даражали Имом Бухорий” орденини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Айтиш жоизки, жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Президентининг Фармони билан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланган. Фармонда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “ўзининг серқирра фаолияти ҳамда беқиёс илмий-маърифий мероси билан исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, муқаддас динимизнинг улуғ инсоний ғояларини халқимизга етказиш, машҳур уламоларимизнинг бебаҳо асарларини чуқур тадқиқ этиш, турли мамлакат ва ўлкаларда кенг тарғиб қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги алоҳида хизматлари учун” мукофотлангани маълум қилинган.

Маълумот учун, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йилда Андижонда таваллуд топган. У Бутунжаҳон мусулмон уламолари иттифоқи котиблар кенгаши, Жаҳон ислом лигаси таъсисчилар кенгаши, Бутунжаҳон тасаввуф уюшмаси президиуми, Жаҳон Халқ Ислом Раҳбарлиги Бош Котибияти, Бутунжаҳон ислом даъвати кенгаши президиуми, Қироллик Ислом тафаккури академияси (Иордания), Ислом уламолари ва жаҳон мутафаккирлари ассамблеяси ижро бюроси (Макка),  Жаҳон ислом университети Илмий кенгаши (Исломобод) ва Бутунжаҳон масжидлар ассоциациясига аъзо бўлган. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йил 10 март куни 62 ёшида вафот этган. 

Дафн маросими Тошкентда бўлиб ўтган. Жаноза Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги Шайх Зайниддин масжидида ўтган. Дафн маросимида нафақат Тошкентдан, балки Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва бошқа мамлакатлардан 200-250 мингга яқин одам бевосита иштирок этган. Муҳаммад Юсуф вафотидан сўнг Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Грозний кўчаларидан бирига унинг номини бериш тўғрисида қарор қабул қилган. Ўлимидан бир неча кун ўтгач, Жанубий Кореянинг Геодже-до шаҳридаги масжидга унинг номи берилган. Шунингдек, 2015 йил 26 майда Чимкент шаҳрида (Қозоғистон) Муҳаммад Юсуф номидаги масжид очилган. Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида қурилган масжидга ҳам унинг номи берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг